Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қ а р о р и
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қ а р о р и
Коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олиш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш ҳамда беморлар саломатлигини тиклашда нодавлат тиббиёт ташкилотлари имкониятларидан фойдаланиш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан коронавирус инфекцияси тарқалиши асоратларини камайтириш, беморларга самарали тиббий хизмат кўрсатишни ташкил этиш мақсадида давлат тиббиёт муассасаларида 5 мингдан ортиқ ўрин-жойлар захираси яратилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши
ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг (кейинги ўринларда – Махсус комиссия):
нодавлат тиббиёт ташкилотларига шошилинч профилактика ва эпидемияга қарши чоралар кўрилишини талаб қилувчи юқумли касалликлар қаторига киритилган коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларга, истисно тариқасида, 2020 йил 1 сентябрга қадар тиббий хизмат кўрсатишга рухсат бериш;
нодавлат тиббиёт ташкилотлари томонидан коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларга тиббий хизмат кўрсатишни фақат Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва нодавлат тиббиёт ташкилотлари ўртасида тузилган шартномаларга мувофиқ амалга ошириш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
3. Белгилансинки:
коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларга тиббий хизмат кўрсатиш учун нодавлат тиббиёт ташкилотлари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан, истисно тариқасида, танлов (тендер) ўтказмасдан аниқланади;
нодавлат тиббиёт ташкилотларининг коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларга тиббий хизмат кўрсатиш билан боғлиқ харажатлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади;
ушбу қарорнинг 2-банди иккинчи хатбошисида белгиланган муддат Махсус комиссия томонидан ўзгартирилиши мумкин.
4. Ўрнатилсинки, эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, зарурат юзага келганда Махсус комиссия қарорига асосан коронавирус инфекциясини аниқлашда нодавлат тиббиёт ташкилотлари билан келишилган ҳолда уларнинг лаборатор-диагностика хизматларидан фойдаланилади.
5. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:
нодавлат тиббиёт ташкилотларида коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларга тиббий хизмат кўрсатиш бўйича шартномаларни тезкорлик билан тузиш;
нодавлат тиббиёт ташкилотлари тиббиёт ходимларига коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш ҳамда уни даволашнинг замонавий ва самарали усулларини қўллаш юзасидан амалий кўникмаларни ўргатиш;
коронавирус инфекцияси тарқалиши билан боғлиқ эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда нодавлат тиббиёт ташкилотларининг лаборатор-диагностика хизматларидан фойдаланиш бўйича Махсус комиссияга таклиф киритиш;
беморларни нодавлат тиббиёт ташкилотларига жойлаштириш ва даволаш натижаларининг қатъий ҳисобини юритиш;
нодавлат тиббиёт ташкилотларининг хизмат кўрсатувчи ходимларини шахсий гигиена талабларига қатъий амал қилган ҳолда фаолият кўрсатишларини таъминлаш;
нодавлат тиббиёт ташкилотлари бино-иншоотларининг дезинфекция воситалари билан тизимли равишда ишлов берилишини таъминлаш;
дезинфекция тадбирларини тўлиқ амалга ошириш учун етарли миқдорда дезинфекция воситалари захирасини яратиш чораларини кўрсин.
6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2020 йил 26 март.