Дориларни рецептсиз бериш тартиби янгиланди
Аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш ҳамда фармацевтика бозорида соғлом муҳитни шакллантириш мақсадида дори воситаларини тартибга солиш тизими изчил равишда такомиллаштириб борилмоқда. Хусусан, Адлия вазирлиги 2026 йилнинг 12 ноябрида Дори воситаларини рецепт билан ва рецептсиз бериладиган дори воситалари тоифасига киритиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришларни давлат рўйхатидан ўтказди.
Ушбу ҳужжат дори воситаларини рецепт билан ва рецептсиз бериладиган турларга ажратиш тартибини тубдан янгилади. Бу ўзгаришлар нафақат фармацевтика бозори иштирокчилари, балки ҳар бир истеъмолчи учун ҳам катта амалий аҳамиятга эга.
Янги тартибга кўра, дори воситасини рецептсиз бериладиган тоифага киритишнинг қатъий ва шаффоф мезонлари аниқ белгилаб берилди. Эндиликда бунда препаратнинг тиббий ходимнинг доимий назоратисиз мустақил ва хавфсиз қўлланилиши биринчи навбатда ҳисобга олинади. Шунингдек, дорини нотўғри ичиш, дозани ошириб юбориш, суиистеъмол қилиш ёки қарамлик ҳолатларини келтириб чиқариш хавфи паст бўлиши талаб этилади. Дори воситасининг қўллаш йўриқномасидаги маълумотлар оддий истеъмолчи учун тушунарли, тўлиқ ва аниқ бўлиши ҳам асосий мезонлардан бири сифатида қаралмоқда.
Бу борада Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан эътироф этилган халқаро тартибга солувчи органларнинг тажрибаси ва амалиётига ҳам кенг таянилмоқда. Хусусан, фармаконазорат ҳамда постмаркетинг назорати натижаларини чуқур ўрганиш орқали дориларнинг хавфсизлик кўрсаткичлари баҳоланади. Шу билан бирга, фақатгина битта эмас, балки икки ёки ундан ортиқ фаол моддадан ташкил топган мажмуавий дори воситалари ҳам аниқ илмий асосларга кўра рецептсиз бериладиган тоифага киритилиши мумкин. Бунда ҳар бир модданинг даволовчи таъсири, фойда ва хавф нисбати ҳамда ўзаро таъсир хавфлари мутахассислар томонидан синчиклаб текширилади.
Ҳужжатда тадбиркорлар ва ишлаб чиқарувчиларга қулайлик яратувчи янги енгилликлар ҳам назарда тутилган. Агар илгари дори воситасини рецептсиз тоифага ўтказиш рад этилса, аризачи узоқ муддат кутишига тўғри келган бўлса, эндиликда рад этиш сабаблари бартараф этилганда ёки янги хавфсизлик маълумотлари олинганда уч йил кутмасдан қайта мурожаат қилиш ҳуқуқи берилди. Бу эса ортиқча бюрократиянинг олдини олиб, дори воситаларини бозорга чиқариш жараёнларини тезлаштиради. Шу билан бирга, ваколатли орган фармаконазорат натижалари ва қонунчиликдаги янгиликлардан келиб чиқиб, препаратларнинг тоифасини зарур ҳолларда қайта кўриб чиқиш ҳуқуқига эгалиги белгиланди.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА