Инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига бағишланди
Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ҳамда ҳар бир фуқаронинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан биридир. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан инсон қадрини улуғлаш, жамиятда адолат ва қонунийлик тамойилларини қарор топтириш борасида олиб борилаётган ишлар қамоқда сақланаётган шахсларнинг ҳам ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашни назарда тутади.
Бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш, фуқароларнинг ҳуқуқий билимини ошириш ва уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда Омбудсман институти муҳим ўрин тутади.
Ана шу мақсадда тергов ҳибсхонасида Олий Мажлисдаги Инсон ҳуқуқлари юзасидан Бухоро вилояти бўйича минтақавий вакили Абира Ҳусейнова томонидан “Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида маърифий тадбир ташкил этилди.
Унда муассасада хўжалик ишларини бажариш учун қолдирилган 25 нафар маҳкум иштирок этди. Учрашув давомида Омбудсманнинг қонунчиликда белгиланган ваколатлари, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмлари, мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби ҳамда ҳуқуқлари бузилган тақдирда вакилга мурожаат қилиш имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Тадбирнинг аҳамиятли жиҳати шундаки, иштирокчилар нафақат ўз ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида маълумот олди, балки қонунчиликда белгиланган ҳуқуқий ҳимоя механизмларидан фойдаланиш тартибини ҳам тушуниб олиш имконига эга бўлишди. Шунингдек, минтақавий вакил вояга етмаганлар сақланаётган камераларга кириб, улар билан юзма-юз мулоқот қилди. Уларнинг сақланиш шароитлари, кундалик эҳтиёжлари ва мавжуд муаммолари ўрганилди.
Вакил аёл маҳбуслар сақланаётган камераларда ҳам бўлиб, ҳар бир аёл билан алоҳида суҳбатлашди. Уларнинг яшаш шароитлари, ижтимоий эҳтиёжлари ва мурожаатлари тингланди. Мулоқотлар давомида аниқланган айрим ижтимоий масалаларни ҳал этиш юзасидан тегишли чоралар белгилаб олинди.

Бундай учрашув ва ўрганишларнинг аҳамияти шундаки, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фақат қонун нормаларини тушунтириш билан чекланмайди. Бу, аввало, ҳар бир шахснинг ҳолатини эшитиш, унинг муаммосини ўрганиш ва қонуний ечим топишга кўмаклашишни ҳам талаб этади.
“Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасидаги тадбирлар ҳам ҳуқуқий саводхонликни ошириш, инсон ҳуқуқларига ҳурмат туйғусини мустаҳкамлаш ва жазони ижро этиш ҳамда сақлаш муассасаларида қонунийликка риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини таъминлашга хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири