Риэлторлик хизматлари бозорида қандай ўзгаришлар бўлади?
Кўчмас мулк бозорини ривожлантириш, риэлторлик хизматлари сифатини ошириш ва фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳадаги ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борада қабул қилинган “Риэлторлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни 2026 йил 8 ноябрдан кучга кирди.
Бугун Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш марказида Давлат активларини бошқариш агентлиги Ахборот хизмати раҳбари Эльмира Бекмуродова иштирокида ўтказилган брифингда мазкур қонуннинг мазмун-моҳияти, соҳада жорий этилаётган янгиликлар ва уларнинг аҳамияти ҳақида маълумот берилди.
Таъкидланганидек, янги қонун риэлторлик фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, бозорда соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ҳамда хизматлар сифатини оширишга қаратилган. Шу билан бирга, қонун хусусий кўчмас мулк эгалари томонидан мустақил равишда тузиладиган битимларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Ҳужжат билан соҳа фаолиятини ташкил этиш бўйича бир қатор янгиликлар жорий этилмоқда. Жумладан, риелторлик ташкилотлари ва кўчмас мулк бўйича агентларнинг касбий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида камида 50 нафар аъзога эга профессионал жамоат бирлашмаларини ташкил этиш белгиланган. Ушбу бирлашмалар малака имтиҳонларини ўтказиш, сертификатлар бериш, ўз аъзоларининг фаолияти ҳамда касбий одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш ваколатига эга бўлади.
Шунингдек, риэлторлар, риелторлик ташкилотлари, кўчмас мулк бўйича агентлар ва профессионал жамоат бирлашмалари ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган Ягона реестр электрон шаклда юритилади ва очиқ бўлади. Ҳозирда Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан “Риэлторлар, риэлторлик ташкилотлари, кўчмас мулк бўйича агентлар ва риэлторлик фаолияти соҳасидаги профессионал жамоат бирлашмаларининг ягона реестрига кириш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, келишиш босқичида турибди.
Янги тартибга кўра, якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар ҳам белгиланган талабларга мувофиқ кўчмас мулк бўйича агент сифатида фаолият юритиши ҳамда Ягона реестрга киритилади. Бундан ташқари, риелторлик ташкилотлари ва агентларнинг жавобгарлигини мажбурий суғурталаш талаби белгиланган. Бу эса хизматлардан фойдаланувчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш ва соҳа вакилларининг масъулиятини оширишга хизмат қилади.
Қонунда назарда тутилган муҳим янгиликлардан яна бири эса мултилистинг тизимининг жорий этилишидир. Ушбу электрон ахборот тизими кўчмас мулк объектлари ва уларга оид таклифларни тўплаш, сақлаш ҳамда алмашиш имконини беради. Натижада риелторлик хизматларини “ягона дарча” тамойили асосида кўрсатиш, давлат органлари ва ташкилотлари билан шартнома асосида реал вақт режимида электрон маълумот алмашиш имконияти яратилади. Айни пайтда жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда мултилистинг тизими бўйича махсус миллий стандарт ишлаб чиқилмоқда.
Брифинг якунида таъкидланганидек, янги қонуннинг амалиётга жорий этилиши кўчмас мулк бозорида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, яширин иқтисодиётни қисқартириш, риелторлик хизматлари сифатини ошириш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА