Увол бўлаётган озиқ-овқатлар, очарчиликдан қийналаётган инсонлар — масъулият кимда?
Ҳар куни уйдан ишга қараб йўлга отланар эканман, албатта, уйдаги чиқиндиларни йиғиб, йўл-йўлакай кўчамиз бошидаги урнага ташлаб кетаман. Ҳар гал чиқиндихонадаги манзара эса дилимни хира қилади.
Гап шундаки, чиқиндихонада доим ҳар хил турдаги озиқ-овқатлар, мева-сабзавотлар қолдиқлари бўлади. Уларнинг аксарияти чириган, ачиган бўлса, айримлари бироз эскириб қолган бўлсада, истеъмолга яроқли ҳолда. Нон учун ажратилган урна ҳам қачон қараманг, бўлак ва бутун нонлар билан тўла бўлади. Ачинарлиси, ана шундай манзара пойтахтимиздаги деярли ҳамма чиқиндихонада кузатилади.
Қанчадан-қанча озиқ-овқат маҳсулотлари увол бўлаётганига гувоҳ бўлганим сари дунёнинг қайсидир бурчакларида очликдан, тоза сувга муҳтожликдан азият чекаётган минглаб, миллионлаб инсонлар, эти суягига ёпишган, бир бурда нонга зор болалар кўз ўнгимдан ўтаверади, юрагим ачишиб қолаверади.

Бугун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Атроф-муҳит бўйича дастури — UNEPнинг Озиқ-овқат чиқиндилари индекси ҳисоботи маълумотларига кўзим тушиб, ичимдаги бу оғриқ янада газак олди.
UNEPнинг ушбу ҳисоботига кўра, дунёда етиштириладиган озиқ-овқатнинг қарийб учдан бир қисми истеъмолчиларга етиб бормайди ёки ахлатга ташланар экан. Ҳосил йиғиб олингандан сўнг дўкон пештахталарига етиб боргунгача бўлган жараёнда сақлаш шароити ёмонлиги, музлаткичлар етишмаслиги ва логистика сабабли маҳсулотларнинг 13,2 фоизи нобуд бўлади.
Дўконлар, ресторанлар ва уй хўжаликларида озиқ-овқатнинг яна 19 фоизи (йилига 1,05 миллиард тонна) чиқиндига ташланади.
Ачинарлиси, исрофгарчиликнинг энг катта улуши уйларда юзага келар экан. Яъни, Озиқ-овқат чиқиндилари индекси ҳисоботи маълумотларига кўра, исрофнинг 60 фоизи бевосита хонадонларда, 28 фоизи умумий овқатланиш жойларида ва 12 фоизи чакана савдо дўконларида юз беради.
Маълумотларга кўра, дунёда 780 миллиондан ортиқ инсон тўйиб овқатланмаслик ва очарчиликдан қийналмоқда. Биргина уй хўжаликларининг ўзида ҳар куни 1 миллиарддан ортиқ порция тайёр овқат ахлатга ташланади, бу эса оч қолаётган ҳар бир инсонни кунига бир неча маҳал тўйдиришга бемалол етар экан.
Чиқиндихоналарда чириётган озиқ-овқат қолдиқлари эса яна иккинчи бир экологик муаммони юзага келтиради. Яъни, улар ўзидан метан газини чиқаради ва глобал исиш муаммосига “ҳисса” бўлиб қўшади. Бу борада озиқ-овқат исрофи глобал иссиқхона газларининг 8 фоиздан 10 фоизгача қисмига жавобгар бўлиши, бу эса авиация соҳасидан қарийб 4 баробар кўп зарарли эканлиги айтилган.
Бугун бутун Ер сайёрасида иқлим ўзгариши оқибатида сув ресурслари камайиб кетаётгани глобал муаммога айланиб бўлди. Нафақат ичишга яроқли бўлган сув ҳажми, балки қишлоқ хўжалиги учун ишлатиладиган сув захиралари ҳам кескин камайиб кетмоқда. Ана шундай иложсиз бир вазиятда қолаётган инсоният аграр тармоқда сувни тежаб ишлатиш технологияларини яратиб, ундан тобора кенг фойдаланишни йўлга қўймоқда. Деҳқончилик ва боғдорчиликда сувнинг бир томчисини ҳам увол қилмасдан самарали фойдаланишга эътибор ва талаб кучаймоқда.
Сув танқислиги шароитида, табиат олдида имконсиз ҳолда, кўплаб қийинчиликлар, оғир меҳнатлар ва қанча йўқотишлар эвазига етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг исроф қилиниши эса экология ва табиатга ҳам хиёнатдир.
Бу борада исроф бўлган маҳсулотларни етиштириш учун дунёдаги барча қишлоқ хўжалиги ерларининг 28 фоизи ва улкан ҳажмдаги тоза чучук сув захиралари беҳуда сарфланаётгани аянчли ҳол. Маҳсулотларни етиштиришда нафақат ер ва сув, балки бошқа бир қатор табиий ресурслар ҳам сарфланиши унинг қийматини янада оширади.
Афсуски, қанча табиий ресурслар эвазига бунёдга келаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг исроф қилиниб, чиқиндига айлантирилиши инсон ва табиат мувозанатининг янада кескинлашиб боришига олиб келади. Бир томондан эса тўқликка шўхликнинг жавоби ва оқибати ҳам аёвсиз эканлигини унутмаслигимиз лозим.

Асосий мақсади ҳозирги ва келажак авлодлар манфаати учун атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва яхшилашга қаратилган чора-тадбирларни ташкил этиш ва амалга оширишдан иборат бўлган UNEPнинг юқоридаги статистик маълумотлари бутун инсониятга нисбатан чақириқ бўлиши лозим. Чиқиндихоналарда уйилиб ётган озиқ-овқатларни, аввало, шу жойгача етиб келишининг олдини олиш ҳар бир инсоннинг вазифасига, масъулиятига айланмоғи шарт. Бу билан ҳам экология ва атроф-муҳитга, ҳам иқтисодиётга ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз.
Қолаверса, ота-боболаримиз томонидан исрофгарчилик энг ёмон одат сифатида мунтазам айтиб келинган панд-насиҳатларни ҳам унутмаслигимиз зарур. Асрлар давомида авлоддан-авлодга ўтиб келаётган “Тежаган — ўзар, исроф қилган — тўзар”, “Бойлик ушоқдан йиғилар”, “Йиғсанг етасан, совурсанг кетасан”, “Ҳисобини билмаган ҳамёнидан айрилар” сингари халқ мақоллари ҳам бежизга айтилмаган. Уларнинг мазмун-моҳиятини теран англаб, ҳар биримиз амалиётимизга жорий қилсак, юқоридаги каби аянчли оқибатлар юзага келмайди, деб умид қиламиз.
Муҳтарама Комилова, ЎзА