“Trend”: “Ўзбекистон экспорти 33 фоизга ошган”
Озарбайжоннинг “Trend” ахборот агентлиги Ўзбекистоннинг 2026 йил январь–октябрь ойларидаги ташқи савдо айланмаси кўрсаткичларини эълон қилди.
Қайд этилишича, махсус экспортни ҳисобга олмаганда, мамлакат экспорти ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 33 фоизга ошиб, 25,7 миллиард долларга етган. Бундан ташқари, Ўзбекистонга жалб қилинган хорижий инвестициялар ва кредитлар миқдори 49,5 миллиард долларни ташкил этган.
Озарбайжон нашри Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш жараёнига ҳам алоҳида тўхталган. Маълум қилинишича, мамлакат ташкилотга 1994 йилда ариза топширган, бироқ музокаралар 15 йиллик танаффусдан сўнг 2020 йилда қайта тикланган. Ҳукумат ушбу жараённи 2026 йилда якунлашни мақсад қилган.
Нашр маълумотларига кўра, 2026 йил июль ойига қадар бозорга кириш бўйича 31 та икки томонлама баённома (келишув) ЖСТ котибиятига тақдим этилган. Шунингдек, июль ойида бўлиб ўтган Ишчи гуруҳнинг 13-йиғилишида миллий қонунчиликни ташкилот қоидаларига мувофиқлаштириш борасидаги ишлар муҳокама қилинган.
Агентлик ЖСТ Ишчи гуруҳи раиси Сонг-Ё Чойнинг ноябрь ойи бошида Тошкентга ташрифи чоғида музокаралар ҳал қилувчи босқичга киргани ҳақида билдирган фикрларини ҳам келтирган. Унга кўра, олдинда қолган икки томонлама келишувларни якунлаш, қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш масаласида муросага эришиш ва миллий қонунчиликни такомиллаштириш каби вазифалар турибди.
Дилшод ҲАКИМОВ,
ЎзА