Хитой саммити тафсилоти (+видео)
19 ноябрь куни Хитойнинг Шэньжэнь шаҳрида Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги саммити доирасида АҚШ, Россия ва Хитой раҳбарларининг тарихдаги илк уч томонлама саммити бўлиб ўтди. Тадбирда Президентлар Дональд Трамп ва Владимир Путин ҳамда ХХР Раиси Си Цзиньпин иштирок этди.
Трамп учрашув иштирокчилари “аслида тарих яратаётгани”ни айтди. Си Цзиньпин ҳамкасбларини “сайёрада тинчлик ва барқарорликни биргаликда асраш”га чақирди. Путин эса Вашингтон, Москва ва Пекиннинг минтақавий можаролар, жумладан Украина билан урушни ҳал қилиш борасида “кўплаб муштарак манфаатлари” борлигини таъкидлади.
Мулоқотдан сўнг уч етакчи оммавий ахборот воситалари учун баёнот бермасдан тарқалди. Мезбон раҳбар музокарани “ижобий ва самарали” баҳолади. РФ Президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков эса муҳит “яхши” бўлганини билдирди.
Анжуман якунида АҚШ, Россия ва Хитой раҳбарларининг “Тинчлик декларацияси” эълон қилинди. Ҳужжатда Украина билан уруш ҳақида ҳеч нима дейилмаган.
Декларациянинг асосий бандлари қуйидагилар:
БМТни ислоҳ қилиш. Си Цзиньпин, Путин ва Трамп дунёвий муаммоларга янада самарали жавоб қайтариши, асосий вазифасини бажариши учун ташкилотни ислоҳ қилиш тарафдори эканини билдирди.
Нефть маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш. Уч давлат барча мамлакатлар манфаати йўлида нефтни қайта ишлаб, маҳсулотни яратиш ва етказиб бериш кўламини кенгайтириш ниятидалиги маълум қилинди.
Халқаро жиноий суд фаолияти. Путин, Си ва Трамп Халқаро жиноий суд ҳамда шунга ўхшаш ташкилотлар ўз ваколатини суистеъмол қилмаслиги кераклигини таъкидлади. Шунингдек, давлатлар розилиги тамойили ва расмий мансабдор шахслар дахлсизлигига риоя қилиш муҳим экани қайд этилди.
Ядровий хавф. Вашингтон, Москва ва Пекин ядро хавфини камайтириш ҳамда ядровий қурол тарқалишининг олдини олиш бўйича мулоқот олиб боришга келишди.
Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА