Хитойдаги учрашувдан сўнг Путиннинг Украинага нисбатан қараши ўзгардими? (+видео)
Россия Президенти Владимир Путин АҚШ ва Хитой раҳбарлари Дональд Трамп ҳамда Си Цзиньпин билан учрашувдан кейинги матбуот анжуманида баёнот бериб, Украина билан урушни тугатиш учун “муросага келиш” талабини билдирди. Бу ҳақда РФ давлат ахборот агентлиги – ТАСС хабар тарқатди.
Путин айтишича, Украина масаласида муроса таклифини АҚШ илгари сурган, Россия эса Анкориждаги учрашувда бунга рози бўлган. Энди асосий масала Киев ва Европа давлатлари бу ташаббусни қабул қилишга қай даражада тайёрлигига боғлиқ.
РФ етакчиси таъкидлашича, Вашингтон Москвадан урушни тугатишга қаратилган мулоқотда Европа давлатлари ҳам иштирок этишига рози бўлишни “қатъий туриб” сўраяпти.
– Европа музокарага қандай ёндашув билан келишини тушуниб олишимиз керак, – деди у. – Шунинг учун биз европаликларга Москвага келиш ва ўз қарашини аниқлаштириб олишни таклиф қилдик. Шундан кейингина мулоқотни қайси шаклда давом эттиришни ҳал қиламиз.
Шу билан бирга Путин кўҳна қитъанинг айрим давлатларида сиёсий бошқарув алмашмас экан, Россия билан муносабатни тўлиқ тиклаш имкони йўқлигига урғу берди.
РФ раҳбари Украина томонидан Қрим кўпригига уюштирилган ҳужумга жавобан Россиянинг кейинги ҳаракати “анча оғриқли” бўлишини билдирди.
Дарвоқе, у мамлакат Хавфсизлик Кенгаши билан айрим йўналишларда ўт очишни тўхтатиш эҳтимоли муҳокама қилинганини айтди. Фақат Қрим кўпригига зарбалардан кейин бу борада келишувга эришиш нияти йўқлигини ҳам қўшиб қўйди. Сўзи якунида Керч бўғози орқали ўтган кўприкни “фақат тинч мақсадга хизмат қилувчи иншоот” деб атади. Қайд этилича, мазкур кўприк орқали анчадан бери нефть ва ўқ-дори ташилмайди.
Кенжа Бекжонов, Салимжон Обиджонов (видео), ЎзА