Иордания нашри Ўзбекистоннинг илм-фан ва инновация соҳасидаги ислоҳотларини ёритди
Иорданиянинг “Akhbar Huna Al Alam” нашрида Ўзбекистонда илм-фан, инновация ва замонавий технологияларни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида мақола эълон қилинди. Унда мамлакатнинг илмий мероси, таълим ва тадқиқот муассасалари тизими, рақамли трансформация ҳамда сунъий интеллект соҳасидаги ислоҳотлар таҳлил қилинган.
Қайд этилишича, бугунги глобал рақобат шароитида мамлакатларнинг барқарор тараққиёти кўп жиҳатдан илмий салоҳият ва инновацион имкониятларга боғлиқ. Шу боис Ўзбекистонда илм-фанни ривожлантириш, ёш тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш ва илмий ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.
Муаллиф Марказий Осиёнинг жаҳон илм-фани ва цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссасига алоҳида тўхталган. Хусусан, Муҳаммад ал-Хоразмий, Аҳмад ал-Фарғоний, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино ва Мирзо Улуғбек каби буюк алломаларнинг илмий мероси тилга олинган. Шунингдек, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий ва Бурҳониддин Марғиноний сингари мутафаккирларнинг ислом илмлари ривожидаги ўрни алоҳида эътироф этилган.
Мақолада 2017 йилдан буён таълим, илм-фан ва инновация соҳаларида амалга оширилган туб ўзгаришларга кенг ўрин берилган. Жумладан, 2017–2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси (эслатма: 2022–2026 йиллар Тараққиёт стратегияси билан бирга), инновацион ривожланиш стратегиялари ҳамда “Рақамли Ўзбекистон – 2030” дастури таҳлил қилинган. “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”, “Инновацион фаолият тўғрисида” ҳамда “Таълим тўғрисида”ги қонунлар соҳадаги ислоҳотларнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси сифатида кўрсатилган.
Нашр, шунингдек, инновацион инфратузилма ва рақамли технологиялар ривожига урғу бериб, мамлакат ҳудудларида технопарклар, инновация марказлари, ёшлар технопарклари ва IT-парклар ташкил этилганини таъкидлаган.
Бундан ташқари, давлат раҳбарининг 2024 йил 14 октябрдаги қарори билан 2030 йилга қадар Сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш стратегияси тасдиқланганига алоҳида тўхталиб ўтилган. Мазкур стратегияда 2030 йилгача сунъий интеллект асосидаги дастурий маҳсулот ва хизматлар ҳажмини 1,5 миллиард долларга етказиш, Ягона интерактив давлат хизматлари порталида бундай технологиялар қўлланиладиган хизматлар улушини 10 фоизга ошириш ҳамда Ўзбекистонни сунъий интеллектга тайёрлик индекси бўйича дунёнинг энг илғор 50 давлати қаторига киритиш мақсадлари белгиланган.
Мақоланинг якуний қисмида инновацион технологияларнинг фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва энергетика тармоқларидаги татбиқи ёритилган. Жумладан, маҳаллий хомашё асосида янги дори воситаларини ишлаб чиқиш, шўрланиш ва қурғоқчиликка чидамли ўсимлик навларини яратиш, қуёш ва шамол энергетикасини ривожлантириш ҳамда Оролбўйини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар юқори баҳоланган.
Дилшод ҲАКИМОВ,
ЎзА