Ўзбекистон Республикаси Президентининг қ а р о р и
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қ а р о р и
Мамлакатимизда миллий ҳунармандчилик, халқ бадиий ва амалий санъатини ривожлантириш, бу орқали халқимизнинг бой маданий мероси ва тарихий анъаналарини тўлиқ сақлаб қолиш, банд бўлмаган аҳолини, айниқса, ёшлар, аёллар ва кам таъминланган оилаларни ҳунармандчиликка кенг жалб этиш орқали уларнинг иш билан бандлигини таъминлаш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, “Ҳунарманд” уюшмаси, Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг республика ҳудудларини ҳунармандчилик фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича ихтисослаштириш ва уларга ҳунармандчилик маҳсулотларини чет эл бозорларида намойиш этиш ва сотиш учун кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналарини бириктириш тўғрисидаги таклифлари 1-иловага мувофиқ маъқуллансин.
Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари “Ҳунарманд” уюшмаси, Савдо-саноат палатаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари мурожаатига асосан ўзига бириктирилган ҳудудлардан бошқа ҳудудларда фаолият юритувчи ҳунармандлар маҳсулотларини чет элда намойиш этиш ва сотишда ҳам ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатади.
2. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги (Неъматов) Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Қудратов), Савдо-саноат палатаси (Икрамов), “Ҳунарманд” уюшмаси (Абдуллаев) билан биргаликда республиканинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари орқали мазкур ваколатхоналар жойлашган ва бошқа йирик шаҳарларда ҳунармандларга ўз маҳсулотларини намойиш этиш ва сотиш учун миллий ҳунармандчилик ва халқ амалий санъати маҳсулотларини кенг тарғиб қилиш, янги бозорларни ўзлаштиришга кўмаклашувчи “савдо уйлари” ва миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари дўконларини ташкил этиш чораларини кўрсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Бадиий академияси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Савдо-саноат палатаси ва “Ҳунарманд” уюшмасининг:
“Халқ амалий санъати усталарининг миллий каталоги”ни (кейинги ўринларда – Миллий каталог) жорий этиш;
“Туризм соҳасида фаолият юритаётган ҳунармандлар реестри”ни (кейинги ўринларда – Реестр) юритиш;
Халқ амалий санъати усталарининг миллий каталогига киритиладиган номзодларни танлаш бўйича кенгашни (кейинги ўринларда – Кенгаш) тузиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
4. Белгилансинки:
а) Миллий каталогга қуйидаги ҳунармандлар Кенгаш қарори асосида киритилади:
тегишли соҳада санъат ва фан арбоби ҳамда академикларнинг тавсиясига эгалар;
“Ўзбекистон Республикаси халқ устаси” фахрий унвонига эгалар;
б) Реестрга Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан “Ҳунарманд” уюшмасининг қуйидаги аъзолари киритилади:
туристик маршрутдаги манзил бўйича ўз устахонасида ёки ижара асосида фаолият юритувчилар;
ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотларни галереялар, ҳунармандчилик маҳсулотлари дўконлари, маҳаллий ва хорижий савдо уйларига шартнома асосида намойиш ва сотиш учун қўяётганлар;
Миллий каталогга киритилганлар;
“Ҳунарманд” уюшмасининг Бадиий кенгаши томонидан тавсия этилганлар.
5. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Маданият вазирлиги, Бадиий академияси ва “Ҳунарманд” уюшмаси:
икки ҳафта муддатда “Ҳунарманд” уюшмаси раиси раҳбарлигида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Бадиий академияси раҳбарлари ва масъул ходимларидан иборат бўлган Кенгаш таркибини тасдиқласин;
бир ой муддатда ҳунармандларни Халқ амалий санъати усталарининг миллий каталогига киритиш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқиб, тасдиқласин.
“Ҳунарманд” уюшмаси 2020 йил 1 январдан бошлаб Миллий каталогни очиқ ва умум фойдаланиладиган веб-сайт кўринишида ишга тушириш чораларини кўрсин ва доимий равишда янгилаб борсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси “Ҳунарманд” уюшмаси билан биргаликда:
бир ой муддатда туризм соҳасида фаолият юритаётган ҳунармандлар реестрини тузиш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқиб, тасдиқласин;
2020 йил 1 январга қадар Реестрнинг шакллантирилишини таъминласин;
2020 йил 1 мартдан бошлаб Реестрни онлайн тарзда реал вақт режимида янгиланувчи очиқ ва умум фойдаланиладиган веб-сайт кўринишида ишга тушириш чораларини кўрсин ва доимий равишда янгилаб борсин.
7. 2020 йил 1 январдан бошлаб:
2023 йил 1 январга қадар Миллий каталог ва Реестрга киритилган ҳунармандлар учун календарь йили давомида ҳунармандчилик маҳсулотларини (ишлар, хизматлар) сотишдан тушган тушуми 100 млн сўмдан ошган, бироқ 1 млрд сўмдан кўп бўлмаган миқдори учун якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан ягона солиқ тўлов ставкаси 2 фоиз миқдорида тўланади;
ҳунармандчилик фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича янгидан давлат рўйхатидан ўтишда тўланадиган давлат божи якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун амалда белгиланган давлат божи миқдорининг 50 фоизи миқдорида ўрнатилсин;
Миллий каталогга киритилган ҳунармандларга шогирдлар сони бўйича чекловлар бекор қилинсин;
кўргазма заллари, галереялар, павильонлар, бозор ва ярмарка расталарида намойиш қилиш ва сотиш учун жойлар, фаолиятини кенгайтириш учун ихтисослаштирилган ҳунармандчилик мажмуаларида ер участкалари ажратилишида Миллий каталогга киритилган ҳунармандлар учун устуворлик қўлланилсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5242-сон Фармони билан қишлоқ жойларда рўйхатдан ўтган ва фаолиятини амалга ошираётган ҳунармандлар ўз фаолиятининг дастлабки икки йили мобайнида Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига белгиланган ягона ижтимоий тўловнинг 50 фоизини тўлаш тартиби ўрнатилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Мазкур тартиб 2020 йил 1 январдан бошлаб шаҳарларда рўйхатдан ўтган ва айнан халқ амалий санъати маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланувчи “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоларига татбиқ этилсин.
Бунда, халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъати билан боғлиқ билимлар ва кўникмалар, анъанавий асбоб-анжомлардан фойдаланган ҳолда, асосан қўл меҳнати усулида яратилган ва қоида тариқасида миллий нақшлар билан безатилган буюм ва асарлар халқ амалий санъати маҳсулотлари ҳисобланиши белгилаб қўйилсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 24 октябрдаги “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастурлари доирасида амалга оширилаётган лойиҳаларни кредитлаш тартибини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4498-сон қарорига мувофиқ 2020 йил давомида ҳунармандчиликни ривожлантириш дастури учун 589,3 млрд сўм миқдорида (шундан, 470 млрд сўм (50 млн АҚШ доллари) Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан) кредитлар ажратилиши маълумот учун қабул қилинсин.
Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағларни юқоридаги қарорнинг 2-банди тўртинчи хатбошисида белгиланган шартларда ажратсин.
АТ Халқ банки, “Микрокредитбанк” АТБ ва “Агробанк” АТБ ушбу манбалар ҳисобидан “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоларига ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун асбоб-ускуна, эҳтиёт қисмлар ва хомашё материалларини харид қилиш, ҳунармандчиликни ривожлантириш марказлари, “уста-шогирд” мактабларини ташкил этиш, уй-музей ва устахоналар қуриш ёки шу мақсадларда бино ва иншоотлар сотиб олиш, айланма маблағларини тўлдириш учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаш ставкасидан ошмаган ҳолда 18 ой муддатга, базавий ҳисоблаш миқдорининг 250 бараваридан ошмаган миқдорда кредитлар ажратсин.
Бунда “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоларига тадбиркорлик лойиҳаларига тижорат банклари томонидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаш ставкасидан ошмаган ҳолда ажратиладиган кредитлар фоиз ставкаларининг тўртдан бир қисми Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилсин.
10. “Ҳунарманд” уюшмаси Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб ҳунармандчиликка ихтисослашган ҳудудларда ҳунармандчилик ва халқ амалий санъати йўналишлари бўйича болалар мусиқа ва санъат мактаблари, “Баркамол авлод” болалар марказлари ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимидаги касб-ҳунарга ўқитиш марказларида ўқув курсларини ташкил этсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги “Ҳунарманд” уюшмаси ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 майга қадар ҳунармандчилик йўналишида касб-ҳунар таълими муассасаларида кадрлар тайёрлашнинг намунавий ўқув режа ва дастурларини тасдиқласин.
11. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, “Ҳунарманд” уюшмаси икки ой муддатда ҳунармандларни маҳсулот ишлаб чиқариш учун хомашё (шу жумладан, мис, қора металл, ипак ва ёғоч) билан таъминлашнинг қулай тизимини жорий этиш ҳамда қайта тикланадиган хомашё (тутзорлар, қаттиқ турдаги дарахтлар) базасини яратиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
12. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда Миллий каталогга киритилган ҳунармандларга маркетинг соҳасида доимий амалий ёрдам кўрсатсин ва уларнинг маҳсулотлари электрон тижорат (E-commerce) йўналишида кенг қўлланиладиган Интернет жаҳон ахборот тармоғи веб-сайтлари орқали сотилишида зарур ташкилий ишларни йўлга қўйиш чораларини кўрсин.
13. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
икки ой муддатда йирик савдо мажмуалари ва деҳқон бозорлари ҳудудларида алоҳида “ҳунармандлар расталари”ни ташкил этсин;
“Ҳунарманд” уюшмасига аъзо бўлган ҳунармандларни доимий равишда “ҳунармандлар расталари”га жойлаштириб борсин;
2020 йил якунига қадар ташаббускорларни жалб қилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг 2-иловага мувофиқ туман ва шаҳарларида миллий ҳунармандчиликнинг барча йўналишларини ўзида мужассам этадиган замонавий “ҳунармандлар бозори”ни ташкил этсин;
ҳунармандларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида “Сузук ота” мажмуаси мисолида ихтисослаштирилган ҳунармандчилик мажмуаларини ташкил этиш чораларини кўрсин;
2020 йил якунига қадар Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги ва “Ҳунарманд” уюшмаси билан биргаликда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида ҳамда Тошкент шаҳрида халқ амалий санъати ва ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазма заллари ва галереяларини ташкил этсин.
14. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси “Ҳунарманд” уюшмаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда “World craft council” халқаро ҳунармандчилик кенгаши томонидан ташкил этиладиган тадбирларда “Ҳунарманд” уюшмасининг доимий иштирокини таъминлаш ҳамда ушбу халқаро ташкилот билан ҳунармандчиликни ривожлантириш борасидаги тадбирлар учун халқаро ташкилотларнинг техник кўмагини жалб қилишга қаратилган аниқ тадбирларни ишлаб чиқсин.
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва “Ҳунарманд” уюшмаси ҳунармандчиликни қўллаб-қувватлаш борасидаги халқаро тажрибани мунтазам ўрганиб бориш ва умумлаштириш, шу асосда илғор хорижий тажрибаларни Ўзбекистон Республикасида жорий этишга қаратилган ишларни тизимли йўлга қўйиш чораларини кўрсин.
15. “Uzbekistan airways” АЖ ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖга ҳунармандчилик соҳасидаги нуфузли халқаро фестиваль ва кўргазмаларда қатнашадиган Миллий каталогга киритилган ҳунармандлар учун йўл чипталарига имтиёзлар қўллаш тавсия этилсин.
Бунда хорижий давлатларда анъанавий тарзда ўтказиладиган ҳунармандчилик соҳасидаги нуфузли халқаро фестиваль ва кўргазмаларнинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги хориждаги дипломатик ваколатхоналари орқали хорижий давлатларда анъанавий тарзда ўтказиладиган ҳунармандчилик соҳасидаги нуфузли халқаро фестиваль ва кўргазмаларда ҳунармандлар иштирок этишлари учун зарурий ташкилий кўмак кўрсатилишини таъминласин.
16. Ҳунармандчилик соҳасини янада ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” (кейинги ўринларда – “Йўл харитаси”) 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси “Ҳунарманд” уюшмаси билан биргаликда “Йўл харитаси”да назарда тутилган чора-тадбирларнинг бажарилиши бўйича маълумотларни ҳар ойда Вазирлар Маҳкамасига киритиб борсин.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги республикада ҳунармандчилик соҳасининг ривожланишини баҳолаш учун тегишли индикаторларни Давлат статистика қўмитаси, Савдо-саноат палатаси ва “Ҳунарманд” уюшмаси билан биргаликда икки ой муддатда ишлаб чиқсин ва уларнинг 2020 йилдан бошлаб ҳар чоракда оммавий ахборот воситаларида чоп этиб борилишини таъминласин.
17. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари бир ой муддатда:
мазкур қарорда белгиланган чора-тадбирлар ҳамда туман ва шаҳарларнинг ҳунармандчилик йўналишлари бўйича ихтисослашувидан келиб чиққан ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 2020-2021 йилларда ҳунармандчиликни ривожлантириш стратегияларини ишлаб чиқсин;
ишлаб чиқилган стратегиялар бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида тақдимот ўтказсин ва тегишли тартибда тасдиқласин.
18. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Давлат божхона қўмитаси, Фанлар академияси, Бадиий академияси, Савдо-саноат палатаси, “Ҳунарманд” уюшмаси ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда анъанавий халқ бадиий ҳунармандчилиги буюмлари турларини қайта кўриб чиққан ҳолда маданий бойликларга тааллуқли ашёлар тоифаси таркибига ўзгартиришлар киритиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
19. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси:
“Ҳунарманд” уюшмаси билан биргаликда оммавий ахборот воситаларида ҳунармандчилик ва халқ амалий санъати тарихи ҳамда бугунги ривожини кенг тарғиб қилиб бориш мақсадида “Маданият ва маърифат” телеканалида мунтазам намойиш этиладиган ҳунармандчиликка оид телекўрсатувларни ташкил этсин;
Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ва “Ҳунарманд” уюшмаси билан биргаликда мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин.
20. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
21. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Р.А.Гулямов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2019 йил 28 ноябрь