Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони
Туризм, маданият, маданий мерос ва спорт йўналишларида инфратузилмани жадал ривожлантириш, объектлардан самарали фойдаланиш, аҳолига қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 апрелдаги “Туризм, спорт ва маданий мерос соҳаларида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6199-сон фармони ҳамда 2021 йил 6 апрелдаги “Туризм ва спорт вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-5054-сон қарорига мувофиқ:
1. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2022 йил 1 январдан 2023 йил 1 январга қадар туризм фаолияти субъектлари ва авиаташувчиларнинг хорижий мамлакатлардан Ўзбекистонга чартер рейсларини ташкил қилиш бўйича харажатларининг бир қисми ҳар бир хорижий турист учун, у республика ҳудудида камида беш кеча тунаб қолган тақдирда, 10 АҚШ доллари, қиш мавсумида (20 ноябрдан 20 февралгача) эса 25 АҚШ доллари миқдорида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.
2. Белгилансинки, 2022 йил 1 майдан бошлаб ёшларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Давлат бюджетидан Туризм ва спортни қўллаб-қувватлаш жамғармасига ажратиладиган маблағлар ҳисобидан ҳар бир ташаббускорга 50 миллион сўм миқдорида, жами 10 миллиард сўмгача грантлар ажратилади. Бунда:
грант маблағлари онлайн тўловларни қабул қилувчи замонавий веб-сайт яратишга, хорижий мамлакатлардаги туризм кўргазма ва ярмаркаларида иштирок этишга йўналтирилади;
грант маблағлари белгиланган тартибда хорижий мамлакатлардан Ўзбекистон Республикасига уч йил давомида камида 200 нафар хорижий туристлар учун тур ташкил қилиш шарти билан ажратилади.
Бош вазир ўринбосари А.А.Абдухакимов 2022 йил 1 мартга қадар ёш тадбиркорларга грант ажратиш тартибини тасдиқласин.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 25 августдаги “Умумий овқатланиш ва туризм соҳаларини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5232-сон қарорига мувофиқ, Туризм ва спортни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг асосий молиявий манбаи ҳисобланган туристик (меҳмонхона) йиғимини ҳисоблаш ва тўлаш 2021 йил 1 сентябрдан тўхтатилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Молия вазирлиги (Т.А.Ишметов) 2022 йил 1 февралдан 2023 йил 1 январга қадар Туризм ва спортни қўллаб-қувватлаш жамғармасига ҳар ойда 2,5 миллиард сўм миқдоридаги қўшимча трансфертлар Давлат бюджетидан ажратилишини таъминлансин.
4. Туризм ва спорт вазирлиги (А.А.Абдухакимов):
а) мазкур фармоннинг 3-бандига мувофиқ ажратилаётган маблағларни Туризм ва спортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларидан фойдаланиш тартибида белгиланган мақсадлар, шу жумладан, ҳудудлардаги салоҳиятли туризм объекти ва масканларини бирламчи чораларни кўрган ҳолда туристлар ташрифи учун тайёрлаш ва уларни тарғиб қилиш, хорижий туризм ва спорт ярмаркаларида, кўргазмаларда, лойиҳалар ва дастурларда қатнашиш, вазирлик ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун йўналтирсин ҳамда улардан тўғри ва самарали фойдаланилиши устидан қатъий назорат ўрнатсин.
Бунда, Туризм ва спортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари ходимларини қўшимча рағбатлантириш улар фаолиятининг натижадорлиги (KPI) ва эришилган ютуқларга қараб амалга оширилади;
б) Туризм ва спортни қўллаб-қувватлаш жамғармасига маблағлар тушиши ва улардан фойдаланилиши тўғрисида ҳар чоракда Молия вазирлигига ҳисобот тақдим этиб борсин.
Туризм ва спорт вазири ўринбосари З.О.Казаков Туризм ва спортни қўллаб-қувватлаш жамғармасига маблағлар тушиши ва улардан фойдаланилиши тўғрисидаги ҳисоботларни тузиш ва тақдим этиш юзасидан шахсан масъул эканлиги белгилаб қўйилсин;
в) Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда “2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунга мазкур фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 1-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатлари 2-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
7. Мазкур фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А.Абдухакимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2022 йил 15 январь