Қорақалпоғистон Республикаси судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати, судланувчилар Ш.А., О.Б., Н.Б., ва А.Ж. га нисбатан чиқарилган жиноят ишлари бўйича Нукус шаҳар судининг 2021 йил 21 сентябрдаги ҳукми устидан судланувчи Ш.А., О.Б. ва уларнинг ҳимоячилари томонидан берилган шикоятларига асосан, жиноят ишининг судланувчилар Ш.А. ва О.Б.га оид қисмини очиқ суд мажлисида, апелляция тартибида кўриб чиқди.
Суд ҳукми билан 1996 йилда Самарқанд вилояти Ургут туманида туғилган Ш.А. ва ушбу туманда 1999 йилда туғилган О.Б.га Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 164-моддаси 3-қисмининг “в” банди билан ЖКнинг 57-моддаси қўлланилган ҳолда 6 (олти) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, тайинланган жазони умумий тартибли колонияда ўташ белгиланган, жазони ўташ муддати 2021 йил 20 мартдан бошлаб ҳисобланган ва қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси ўзгаришсиз қолдирилган. Жиноят иши бўйича етказилган 58.523.560 сўм моддий зарар тўлиқ қопланган.
Суд ҳукмига кўра, судланувчи Ш.А. жиноий йўл билан пул топиш илинжида, танишлари Ш.Ш., Б.А. ва Н.Б. билан олдиндан тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб, Нукус шаҳар 22 кичик туманида яшовчи И.К.нинг хонадонидан пул маблағи ва мол-мулкини босқинчилик йўли билан ўзлаштириш ҳақидаги ўзаро жиноий режа тузиб, жиноий режаларини амалга ошириш мақсадида гуруҳ аъзолари билан ўзаро вазифалар тақсимлаган.
Шу тариқа, 2021 йил 7 март куни соат 21:00 да Ш.А.нинг жиноий шериги Н.Б. фуқаро М.К.ни байрам муносабати билан зиёфат қилиш баҳонасида Нукус шаҳрида жойлашган “NЕО” ресторанига таклиф қилади. Улар ресторанда бирга овқатланиб, спиртли ичимликлар истеъмол қилиб ўтирганида соат 00:30 ларда М.К.нинг танишлари У.Ю. ва Қ.А. кутилмаганда улар ўтирган столга келади. Орадан озгина вақт ўтиб, К.А. билан А.Ж. ўртасида ўзаро келишмовчилик келиб чиқади. Шу тариқа М.К. танишлари билан бирга ресторандан чиқиб кетади. Буни кутмаган Н.Б. жиноий шеригига қўнғироқ қилиб, М.К.нинг ресторандан кетиб қолганини, режа ўхшамаганлигини айтганида, унга режа амалга оширилмагунга қадар бир амаллаб уни уйига юбормасдан ушлаб туриш лозимлиги айтилган.
Сўнг Н.Б. М.К.нинг қаердалигини билиш мақсадида унга қўнғироқ қилганига қарамасдан жавоб бермайди. Жиноий гуруҳ аъзолари “NЕО” ресторани олдига йиғилиб, Ш.Ш. бошқарувидаги Cobalt русумли автомашинада М.К. қайтиб бормасидан аввал унинг уйига бориб, моддий бойликларни олиб чиқиш кераклигини келишиб олади. Соат 03:30 ларда Ш.Ш. ўзининг олдиндан тайёрлаб қўйилган ниқоб (маска)ларни ёнидаги шериклари О.Б. ва Ш.А.га бериб, ўзлари Нукус шаҳар “Бройлер” блок пости томонида кутиб туришини айтиб, у ердан кетган.
Ш.А ва О.Б. спиртли ичимлик ичган, маст ҳолатда қора ва қизил рангли матоли бош кийимдан ясалган ниқобларни юзларига тақиб, эшикни тақиллатади. М.К.нинг 2009 йил туғилган вояга етмаган қизи ва 2013 йил туғилган вояга етмаган ўғлига “онанг пицца бериб юборди”, деб уларни алдаб, уйга ғайриқонуний равишда кирган. Юзига ниқоб таққан шахсларни кўрган қизи қўрқиб кетиб, бақириб юборганида О.Б. вояга етмаган қизнинг ҳаёти учун хавфли бўлган усулда қўллари билан унинг оғзини босиб, агар яна бақирса ўлдиришини айтади. Ш.А. билан хонадон ичкарисига кириб, М.К.га тегишли бир дона баҳоси 500000 сўм бўлган “Samsung J2” русумли ва бир дона баҳоси 300000 сўм бўлган “Samsung C3 mini” русумли телефон аппаратларини, бир жуфт қиймати 1000 АҚШ доллар бўлган бриллиант қошли тилла зиракни ҳамда бир дона қиймати 500 АҚШ доллар бўлган бриллиант қошли узукни жами 2500 АҚШ долларлик (2021 йил 8 март ҳолатига кўра 1 АҚШ долларининг сўмдаги қиймати 10517,12 сўмга тенг бўлиб, 2.50х10517,12=26,292,800сўм) ашёларни босқинчилик йўли билан талон-торож қилиб, воқеа жойидан яширинган.
Юқоридагиларга асосан, судланувчилар Ш.А. ва О.Б. ўзларининг жиноий ҳаракатлари билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 164-моддаси 3-қисмининг “в” бандида кўрсатилган жиноятни қасддан содир қилган.
Судлов ҳайъати, биринчи инстанция суди томонидан судланувчилар Ш.А.ва О.Б.га жазо тайинлашда жиноятнинг ҳолати ва ижтимоий хавфлилик даражаси, яъни ўта оғир жиноятлар туркумига киришини, қилмишнинг сабаблари ва оқибатлари, жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларини эътиборга олиб, Жиноят кодекстининг 57-моддасини қўллаган ҳолда, модда санкциясининг минимал миқдоридан ҳам кам миқдорида озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодекси 497 13, 17, 26, 31, 34, 36-моддаларига амал қилиб, судлов ҳайъати Жиноят ишлари бўйича Нукус шаҳар судининг Ш.А., О.Б., Н.Б. ва А.Ж.га нисбатан чиқарилган 2021 йил 21 сентябрдаги ҳукмининг Ш.А., ва О.Б.га оид қисми ўзгаришсиз қолдирилди.
Д.Абибуллаев, ЎзА