Судланувчи А.Қ. томонидан берилган шикоят аризага мувофиқ жиноят ишлари бўйича Нукус шаҳар судининг 2022 йил 17 июнь кунги ҳукми очиқ суд мажлисида кўриб чиқилиб, Қорақалпоғистон Республикаси суди жиноят ишлари бўйича суд ҳайъати аппеляция инстанциясининг қарори қабул қилинди.
Унга кўра, жиноят ишлари бўйича Нукус шаҳар судининг мазкур ҳукмига кўра, олдин “Қорақалпоқ сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти директори лавозимида ишлаган А.Қ., Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг бир неча моддалари билан айбдор деб топилган. Тайинланган жазолар Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибининг бир қисмини қўшиш йўли билан узил-кесил 2 йил муддатга давлат органларида, масъулияти чекланган жамиятларда ҳамда ташкилотларда бошқарув ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан айрилиб, 3 йил 6 ой озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
А.Қ. масъулияти чекланган жамияти бош ҳисобчиси З.Қ. иштирокида “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамиятининг тегишли рухсатини олмасдан 2020 йил 9 сентябрь куни “Қорақалпоқ сув таъминоти” масъулияти чекланган жамиятининг 51 фоизлик улуши билан Хўжайли туманида “Эко сув” масъулияти чекланган жамиятини ташкил қилиб, унинг устав фондини 10 миллион сўм қилиб белгилаган. Мазкур жамиятнинг устави талабларини қўпол равишда бузиб, ҳеч қандай қонуний асосга эга бўлмасдан 2020 йил 10 сентябрь куни “Қорақалпоқ сув таъминоти” масъулияти чекланган жамиятининг ҳисоб рақамидан 300 миллион сўм маблағни жамиятнинг бош ҳисобчиси орқали “устав фондини шакллантириш” ниқоби остида “Эко сув” МЧЖнинг ҳисоб рақамига ўтказиб юборади.
Шунингдек, у ўз жиноятини яшириш ва қилмишига қонуний тус бериш мақсадида пул маблағи ўтказилганига бир йилча вақт ўтганига қарамасдан, 2021 йил август ойида жамият аъзолари иштирокида 300 миллион сўм маблағ ўтказиш ҳақидаги таклифни маъқуллатиш учун йиғилиш ўтказган. Лекин аслида 2020 йил 20 августда бўлиб ўтмаган қалбаки йиғилиш баённомасини тайёрлаган. Шунингдек, “Эко сув” масъулияти чекланган жамиятини ташкил қилиш ва бош ҳисобчисига унинг устав фонди учун 300 миллион сўм маблағни ўтказиш вазифаси юклатилган буйруқни ўтган вақт санаси билан тайёрлатган.
Бундан ташқари, у “Қорақалпоқ сув таъминоти” масъулияти чекланган жамиятида Прокуратура ҳузуридаги департамент томонидан текшириш бўлганида, ўринбосарларини ва юридик бўлими бошлиғини ўз хонасига чақириб, маблағ ўтказиш ҳақида масъуллар иштирокида йиғилиш ўтказилганини ва бу ҳақда тегишли буйруқ чиқарилганини айтишга мажбурлаб, дастлабки тергов даврида ёлғон кўрсатма берилишига эришган.
Суд ҳайъати иш бўйича раислик қилувчининг баёнотини, прокурор, ҳимоячи адвокатлар ва судланувчининг фикрларини тинглаб, иш материалларини ариза важлари билан қайта текширган ҳолда суд ҳукмини ўзгаришсиз қолдириш зарур деб топди.
ЎзА