Саудия жануби-ғарбида хавфдан огоҳлантириш тизими ишга тушди
Саудия Арабистони Фуқаро мудофааси бош бошқармаси мамлакат жануби-ғарбида жойлашган Жизон музофотида хавфдан эрта огоҳлантириш тизими фаоллаштирилганини маълум қилди. Бу ҳақда тузилманинг ижтимоий тармоқ расмий саҳифасида эълон қилинган баёнот гувоҳлик беради.
Расмий хабарда огоҳлантирилган аҳолига хотиржамликни сақлаш ва давлат идоралари кўрсатмасига амал қилиш бўйича кўрсатма берилган. Шунингдек, хавф бартараф этилгунга қадар бино ичида қолиш, деразадан узоқдаги хавфсиз хонага ўтиш ва ташқарига чиқмаслик сўралди. Очиқ ҳудуддаги фуқароларга эса яқин атрофдаги бино ёки махсус ҳимоя иншоотидан паноҳ топиш тавсия қилинди. Орадан бироз вақт ўтгач хавф бартараф этилгани эълон қилинди.
Маълумки, Ямандаги хусийлар сўнгги вақтда Саудия пойтахти Ар-Риёд ва мамлакатнинг бошқа ҳудудларига баллистик ракета ҳамда учувчисиз учоқлар ёрдамида ҳужум уюштириб келмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА