Ҳиндистон шарқига бир ой ичида учинчи бор циклон ёпирилди
Жума куни “Акван” циклони ортидан Ҳиндистоннинг шарқий соҳилида кучли ёмғир ёғди. Мамлакат метеорология департаменти маълумотига кўра, тунда бироз тинчланган бўрон қирғоқни соатига 70-80, баъзан 90 километргача тезликда эсган шамол билан кесиб ўтган.
Мавжуд хавф туфайли Одиша ва Андхра-Прадеш штатлари расмийлари ҳафта давомида хавфли ҳудуддан юз минглаб аҳолини хавфсиз жойга кўчирган эди.
Табиий офат оқибатида қирғоққа улкан тўлқин урилган, кучли шамол дарахтларни эгиб юборган, йўлларни сув босган. Шунга қарамай, ҳар икки штат мутасаддилари ҳозирча жиддий талофат ёки бахтсиз ҳодиса қайд этилмагани, салбий таъсир жиддий сезилмаганини билдирган. Мутахассислар циклон яна кучсизланиб, босим камайишини тахмин қилган.
“Акван” сўнгги бир ойдан камроқ вақт ичида Ҳиндистонга ёпирилган учинчи тўфон. Икки ҳафта олдин “Мурасу” циклони сабаб минглаб одам кўчирилган, дарахт ва электр токи устунлари қулаган эди. Ўтган ой эса “Арнаб” бўрони 6 кишини ҳаётдан олиб кетиб, бир неча ҳудудда электр таъминотини узиб қўйган. Таъкидланишича, Бенгал кўрфазига бир ойда уч бор кучли офат ёпирилиши Ал-Нинё ҳодисаси кузатилган 1987 йилги об-ҳаво шароитини эслатмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА