Россия Украина учун НАТО кафолатини рад этди
Россия давлат оммавий ахборот воситалари хабар беришича, Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков Украинага НАТО услубидаги хавфсизлик кафолати бериш ғоясига қарши чиққан.
Мулозим таъкидлашича, Киевнинг Ғарб ҳарбий альянсига ҳар қандай шаклдаги “квази аъзолиги”, яъни расман аъзо бўлмаган ҳолда, айрим имтиёзлардан фойдаланиши Москва учун мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат. Рябков бу баёнотни Берлиндаги саммитдан бир кун ўтиб берди. Мазкур йиғилишда Франция Президенти Эммануэль Макрон Украинанинг НАТОга аъзолиги масаласини қайта кўриб чиқиш зарурлигини айтган.
Тинчлик музокарасидаги АҚШ вакили Жаред Кушнер эса тадбирда ҳамкасби Стив Уиткофф билан бирга РФ томонини Украина учун бериладиган ҳар қандай хавфсизлик кафолати НАТО низоми 5-моддасига асосланишига ишонтирганини маълум қилган. Яъни, альянснинг бир аъзосига уюштирилган ҳужум бутун иттифоққа ҳужум сифатида баҳоланади ва бошқа аъзолар шу мамлакатга ёрдам кўрсатиши лозим.
“Интерфакс” агентлиги келтирган иқтибосга кўра, Рябков 5-моддага асосланган кафолат ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Украинанинг НАТОга квази аъзолиги ёки бу борада қандайдир “креатив ечим” излаш Россия учун номақбул эканини таъкидлаган. Яъни, Москва хавфсизлик кафолати масаласини биринчи навбатда миллий хавфсизлигини таъминлаш нуқтаи назаридан кўриб чиқади. Қолаверса, Киевнинг НАТОга қўшилмаслиги ҳақидаги талаб қатъий равишда тан олингандан кейингина мазкур масала муҳокама қилиниши мумкин.
ТИВ раҳбари ўринбосари Буюк Британия, Германия ва Франция вакилларининг Москвага эҳтимолий ташрифи бўйича иш олиб борилаётганини тасдиқлади. Аввалроқ Президент Владимир Путин Россия томони Европа вакилларини Украина бўйича тинчлик музокарасига ёндашувини аниқлаб олиш учун Москвага таклиф қилган эди. Таъкидланишича, кейинги мулоқот шакли мазкур учрашувдан сўнг белгиланиши мумкин.
Ф.Яхшибоева, ЎзА