Таниқли композитор таваллудининг саксон йиллик юбилейига бағишланган анжуман
Ўзбекистон давлат консерваториясида устозлар таваллудининг 80 йиллигига бағишлаб ўтказилаётган «Илм ва ижод уйғунлиги» халқаро илмий-ижодий анжуманлар фестивали доирасидаги тадбирлар давом этмоқда. Навбатдаги анжуман Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, «Фидокорона хизматлари учун» ордени соҳиби, таниқли композитор, профессор Мустафо Бафоев таваллудининг 80 йиллигига бағишланди.
Ўқув ишлари бўйича проректор Фарҳод Абдуллаев ва бошқалар композиторнинг бой ижодий мероси, ўзбек мусиқа санъати ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси ва миллий бастакорлик мактаби тараққиётида тутган ўрни, устознинг кўп қиррали ижодий фаолияти, бетакрор мусиқий асарлари ҳамда кўп йиллик илмий-педагогик тажрибаси ёш авлод учун катта ижодий мактаб эканини таъкидладилар.
Анжуман муносабати билан фестиваль доирасида махсус нашр этилган китоб ҳамда Консерватория раҳбарияти номидан юбилярга самимий ҳурмат ва эҳтиром рамзи сифатида эсдалик совғалари топширилди.
Илмий-ижодий анжуман давомида композиторнинг ҳаёти ва ижодий йўли, миллий ва жаҳон мусиқа санъати ривожига қўшган ҳиссаси, бастакорлик услубининг ўзига хос хусусиятлари ҳамда ижодий меросининг бугунги кундаги аҳамиятига оид маърузалар тингланди. Консерваториянинг Композиторлик ва чолғулаштириш кафедраси профессор-ўқитувчилари, мусиқашунос ва санъатшунос олимлар, ёш композиторлар ҳамда тадқиқотчилар ўз чиқишларида устоз асарларининг бадиий қиммати, мусиқий тафаккури ва бастакорлик маҳоратининг ўзига хос қирраларини таҳлил қилдилар.

Мустафо Бафоевнинг номи замонавий ўзбек композиторлик мактаби тарихида алоҳида ўринга эга. Ярим асрдан ортиқ давом этаётган самарали ижодий фаолияти давомида у турли жанрларда бетакрор асарлар яратиб, миллий мусиқа маданиятимизнинг бойиши ва юксалишига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Композитор ижоди юксак профессионал маҳорат, миллий ва умуминсоний қадриятлар уйғунлиги, жанр ва шакллар ранг-баранглиги билан ажралиб туради. Кўп йиллик изланишлар натижасида унинг ўзига хос мусиқий тили ва услуби шаклланган. Шу боис Мустафо Бафоев асарларини тингловчи дастлабки оҳанглариданоқ таниб олиши мумкин.
Бугунги кунда композиторнинг ижодий мероси 1000 дан ортиқ асарни қамраб олади. Улар орасида 6 та симфония, 7 та оратория, турли чолғулар ва оркестрлар учун 30 га яқин концерт, халқ чолғулари оркестри учун яратилган йирик ва кичик шаклдаги асарлар, камер-чолғу мусиқаси, 200 дан ортиқ хор асари, қўшиқ ва романслар мавжуд.
Ушбу асарларнинг кўпчилиги бугунги кунда концерт дастурлари, театрлар репертуари, шунингдек, олий ва ўрта махсус мусиқа таълими муассасаларининг ўқув жараёнидан муносиб ўрин эгаллаган.
Мустафо Бафоев ижодида мусиқали саҳна асарлари ҳам алоҳида аҳамият касб этади. «Умар Хайём», Аҳмад ал-Фарғонийга бағишланган «Севгим самоси», «Шайхурраис Абу Али ибн Сино», «Барбад» ҳамда Алишер Навоийнинг «Хамса» асари асосида яратилган саҳна асарлари композитор ижодининг муҳим намуналаридир.

Устоз мусиқаси мамлакатимиздаги Мустақиллик ва Наврўз байрамлари, буюк алломаларимиз таваллуд саналари ҳамда қадимий шаҳарларимизнинг юбилей тантаналарида кўп бор янграган. Унинг асарлари нафақат юртимизда, балки МДҲ давлатлари, АҚШ, Миср, Германия, Франция ва Туркия каби мамлакатларда ҳам ижро этилган.
Композиторнинг фаолияти фақат ижод билан чекланиб қолмайди. У моҳир педагог сифатида кўплаб ёш истеъдодларни тарбиялаб, ўзбек композиторлик мактабининг муносиб давомчиларини камолга етказди. Унинг шогирдлари республика ва халқаро танловларда муваффақиятли иштирок этиб, совринли ўринларни эгаллаб келмоқда. Шунингдек, Мустафо Бафоев ижоди ва асарлари асосида бир неча авлод созанда, хонанда, композитор ва мусиқашунослари шаклланган, унинг ижодий меросига бағишланган кўплаб номзодлик ва докторлик диссертациялари ҳимоя қилинган.
Устознинг санъат ва таълим соҳасидаги кўп йиллик самарали меҳнати давлатимиз томонидан муносиб эътироф этилган. У 1995 йилда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» фахрий унвони, 1997 йилда Абдулла Қодирий номидаги Давлат мукофоти, 2008 йилда «Фидокорона хизматлари учун», 2020 йилда эса «Меҳнат шуҳрати» орденлари билан тақдирланган.
Мустафо Бафоевнинг 80 йиллик юбилейига бағишланган мазкур анжуман нафақат таниқли ижодкорнинг бой мусиқий меросини яна бир бор кашф этиш, балки уни илмий жиҳатдан чуқур ўрганиш, кенг тарғиб қилиш ва келажак авлодга етказиш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Н.Усмонова,
ЎзА