Мутал Бурҳонов таваллудининг 110 йиллигига бағишланган анжуман бўлиб ўтди
Ўзбекистон давлат консерваториясида Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси мусиқаси муаллифи, таниқли бастакор, Ўзбекистон халқ артисти Мутал Бурҳонов таваллудининг 110 йиллигига бағишланган илмий-маърифий анжуман бўлиб ўтди.
Анжуманда бастакорнинг бой ва серқирра ижодий мероси, ўзбек мусиқа санъати тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси ҳамда миллий бастакорлик мактаби ривожида тутган ўрни ҳақида батафсил сўз юритилди.
Мутал Бурҳоновнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти, ўзбек профессионал мусиқа санъатини янги босқичга олиб чиқиш йўлидаги хизматлари, симфоник, вокал-симфоник ва хор асарларининг бадиий-эстетик хусусиятлари атрофлича таҳлил этилди. Айниқса, бастакор ижодида миллий мусиқий оҳанглар ва умуминсоний мусиқий анъаналарнинг ўзига хос уйғунлиги алоҳида эътироф этилди.
Анжуман иштирокчилари ўз маърузалари ва чиқишларида буюк бастакорнинг ҳаёти ва ижодига оид муҳим маълумотлар билан ўртоқлашиб, унинг миллий санъатимиз ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси, асарларининг бадиий аҳамияти ва келажак авлодлар учун қолдирган бой мусиқий меросининг қадри хусусида фикр-мулоҳазалар билдирдилар.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон халқ артисти Мутал Бурҳонов ўзбек профессионал мусиқа санъати тарихида ўчмас из қолдирган забардаст ижодкорлардан биридир. Унинг ижодида хор, вокал-симфоник, опера ва камер мусиқа жанрлари муҳим ўрин эгаллайди. Бастакорнинг «Алишер Навоий» операси, «Абадий хотира» асари, шунингдек, «Мафтунман» ва «Дўппи тикдим» каби қўшиқлари миллий мусиқа санъатимизнинг нодир дурдоналари қаторига киради.

Мутал Бурҳонов, шунингдек, Ўзбекистонда кўп овозли хор санъати ва акапелла жанрининг шаклланиши ҳамда ривожланишига улкан ҳисса қўшган. Унинг миллий мусиқа маданиятимиз олдидаги хизматлари давлатимиз томонидан юксак эътироф этилиб, бастакор «Буюк хизматлари учун» ва «Эл-юрт ҳурмати» орденлари билан тақдирланган.
Мазкур илмий-маърифий анжуман нафақат буюк бастакор хотирасини ёд этиш, балки унинг бой ижодий меросини илмий жиҳатдан чуқур ўрганиш, асарларини кенг тарғиб этиш ва келажак авлодга етказишда ҳам муҳим аҳамият касб этди. Шунингдек, тадбир талаба-ёшларнинг миллий мусиқа санъатига бўлган қизиқиши ва ҳурматини янада оширишга хизмат қилди.
Н.Усмонова,
ЎзА