Республика театр санъати фестивали ғолиблари тақдирланди
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида Республика театр санъати фестивали доирасида «Театр санъатининг долзарб масалалари: анъана ва замонавий тенденциялар» мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Анжуманда Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Нодирбек Сайфуллаев, театр соҳаси вакиллари, санъатшунослар ҳамда мутахассислар иштирок этди.
Конференция давомида миллий театр санъатининг бугунги ҳолати, анъана ва замонавийлик уйғунлиги, саҳна ижодкорлиги, актёрлик маҳорати ҳамда замонавий режиссуранинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, театрларни замонавий маркетинг ва бренд-менежмент стратегиялари асосида ривожлантириш масалаларига бағишланган тақдимот ҳам ўтказилди.
Шу куни Республика театр санъати фестивалининг тантанали ёпилиш ва тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди.

16–21 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган фестивалда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган профессионал театр жамоалари ўз спектакллари билан иштирок этди.
Ғолибларга диплом ва пул мукофотларини Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Нодирбек Сайфуллаев топширди.

Фестиваль якунларига кўра, 17 та номинация бўйича ғолиблар аниқланди.
«Энг яхши драматик спектакль» — Ўзбекистон давлат драма театрининг «Ишлагандай бўлайлик» спектакли — 81 600 000 сўм.
«Энг яхши қўғирчоқ спектакли» — Самарқанд вилояти қўғирчоқ театрининг «Красные башмачки» спектакли — 54 400 000 сўм.
«Энг яхши режиссёр» — «Насриддин Афанди» спектакли режиссёри Шуҳрат Ибрагимов — 13 600 000 сўм.
«Энг яхши драматург» — «Тонгни кулиб қарши ол!» спектакли муаллифи Қўчқор Норқобил — 10 880 000 сўм.
«Энг яхши рассом» — «Биринчи қалдирғоч» спектакли сценографияси учун Миржалол Холиқов — 10 880 000 сўм.
«Энг яхши композитор» — «Тонгни кулиб қарши ол!» спектакли мусиқаси муаллифи Ойдин Абдуллаева — 10 880 000 сўм.
«Энг яхши эркак роли» — «Биринчи қалдирғоч» спектаклида Маннон Уйғур образини ижро этган Жамолиддин Абдужабборов — 6 800 000 сўм.
«Энг яхши аёл роли» — «Момо ер» спектаклида Тўлғоной образини гавдалантирган Нигора Аҳмедова — 6 800 000 сўм.
«Энг яхши қўғирчоқбоз» — «Али бобо ва қирқ қароқчи» спектаклида Қосим образини яратган Рашид Чўққиев — 6 800 000 сўм.
«Энг яхши эпизодик рол» — «Легко ли быть адвокатом» спектаклида Лули образини ижро этган Шаҳзод Шаҳназаров — 6 800 000 сўм.
«Энг яхши мусиқий безак» — «Тебранмас юраклар» спектаклининг мусиқий безаги учун Серсенбек Жеткербаев — 6 800 000 сўм.
«Энг яхши либос рассоми» — «Лайлаклар ноласи» спектакли учун Фурқат Қўчқоров — 6 800 000 сўм.
«Энг яхши грим иши» — «Манқурт» спектаклидаги грим иши учун Шаҳло Аллаберганов — 6 800 000 сўм.
«Энг яхши қўғирчоқсоз» — «Чемодан» спектакли қўғирчоқ устаси Темур Йўлдошев — 6 800 000 сўм.
«Энг фаол театршунос» — Муҳаббат Тўлахўжаева — 6 800 000 сўм.
«Энг фаол тарғиботчи» — Абдусаид Ғаниев — 6 800 000 сўм.
«Энг фаол театр раҳбари» — Ўткир Маҳматқулов — 6 800 000 сўм.

Бундай фестиваллар нафақат театр санъатидаги ютуқларни эътироф этиш, балки ижодий тажриба алмашиш, янги истеъдодларни кашф этиш ва миллий театр санъатини янада ривожлантиришга ҳам хизмат қилади.
Н.Усмонова,
ЎзА