«Бизнинг авлод – 2026» халқаро болалар қўшиқлари танлови бўлиб ўтди
Тошкент шаҳрида «Бизнинг авлод – 2026» болалар муаллифлик қўшиқлари халқаро телевизион танлови бўлиб ўтди. Дунёнинг 18 та давлатидан келган ёш истеъдодлар ўз ижод намуналарини халқаро саҳнада намойиш этиб, пойтахтимизда ўтказилган финалда ғолиблик учун беллашди.
«Бизнинг авлод» танлови 2023 йилдан буён ўтказиб келинаётган очиқ халқаро лойиҳа бўлиб, қисқа вақт ичида болалар ижоди ва муаллифлик қўшиқларини қўллаб-қувватловчи нуфузли майдонлардан бирига айланди. Унда 9 ёшдан 16 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирлар иштирок этди. Танловнинг асосий шарти янги муаллифлик қўшиғини яратишда фаол иштирок этиш ва уни жонли ижрода тақдим этишдан иборат бўлди.
Танловнинг асосий ташкилотчиси ва таъсисчиси — «Замонавий санъат академияси» ижодий ривожланиш маркази бўлди. Бу йилги лойиҳа Таълим ва илм-фан вазирлиги ҳузуридаги Республика «Келажак» маркази ҳамкорлигида амалга оширилди.
Танловда АҚШ, Ўзбекистон, Хитой, Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Кения, Қирғизистон, Мадагаскар, Тожикистон, Уганда, Жанубий Африка Республикаси, Қозоғистон, Арманистон, Беларусь ва Мўғулистон каби давлатлардан ёш ижрочилар иштирок этди. Мамлакатимиз номидан эса ёш истеъдод соҳиби Муслима Ҳамидуллаева юртимиз шарафини ҳимоя қилди.
Танлов бош продюсери, Замонавий санъат академияси таъсисчиси Стелла Хачанянц Ўзбекистонда ушбу халқаро лойиҳани ўтказиш имконияти яратилгани учун миннатдорлик билдирди. У танлов иштирокчилари географиясининг кенгайиши иқтидорли болалар учун янги имкониятлар яратиши ва мамлакатлар ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.
Шунингдек, у турли мамлакатлардан келган ёш иштирокчилар Тошкентга ташрифи давомида Ўзбекистоннинг бой маданияти, миллий қадриятлари ва меҳмондўстлиги билан яқиндан танишиш имконига эга бўлганини қайд этди.
Республика «Келажак» маркази директори Индира Холдорова ҳам Ўзбекистон йирик халқаро форумлар ва нуфузли танловларни юқори савияда ташкил этиш бўйича катта тажрибага эга эканини таъкидлади. У хориждан ташриф буюрган ёш истеъдодларни мамлакатимизда кутиб олишдан мамнунлигини билдириб, иштирокчилар юртимиз ҳақида ёрқин ва унутилмас таассуротлар билан қайтишларига ишонч билдирди.
«Бизнинг авлод» танлови нафақат ғолибларни аниқлаш, балки ёш муаллиф ва ижрочиларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижодини кенг тарғиб қилиш, миллий маданий анъаналарни асраб-авайлаш ҳамда турли мамлакатлар ёшлари ўртасида ижодий ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилди.
[gallery-32637]
Танлов иштирокчилари халқаро саҳнада ўз истеъдодларини намоён этиш билан бирга, янги дўстлар орттириш, тажриба алмашиш ва турли халқларнинг маданияти билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлди.
Тошкентда мазкур халқаро танловнинг ўтказилиши Ўзбекистоннинг маданий ҳамкорлик соҳасидаги халқаро алоқаларини мустаҳкамлаш, ёш авлоднинг ижодий салоҳиятини юзага чиқариш ва мамлакатимизни халқаро маданий мулоқот майдони сифатида янада кенгроқ намоён этиш йўлида муҳим қадам бўлди.
Н.Усмонова,
Ф.Абдурасулов (сурат),
ЎзА