Ўзбек ҳунармандлари Японияда: Нара музейида кўргазма ташкил этилди
Ўзбекистон ва Япония халқларини буюк Ипак йўли давридан буён мустаҳкам маданий ва тарихий ришталар боғлаб туради. Бугунги кунда ушбу қадимий алоқалар янги мазмун билан бойиб, икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги ҳамкорлик янада фаоллашмоқда.
Хусусан, биродарлашган Самарқанд ва Нара шаҳарлари ўртасидаги дўстлик муносабатлари ўрнатилганининг беш йиллиги муносабати билан ўзаро ташрифлар ва қўшма маданий тадбирлар изчил амалга оширилмоқда. Ана шундай муҳим қадамлардан бири сифатида мамлакатимиз ҳунармандлари делегацияси Япониянинг қадимий пойтахтларидан бири бўлган Нара шаҳрида хизмат сафарида бўлди.
Сафар доирасида «Ҳунарманд» уюшмасининг Самарқанд вилояти бошқармаси раҳбари Умид Ҳакимов машҳур «Nara Craft Museum» музейи раҳбарияти вакили Сато Накажима хоним билан учрашув ўтказди. Ушбу мулоқот нафақат ўзбек миллий амалий санъатини кунчиқар юртда кенг тарғиб қилиш, балки икки халқ усталари ўртасида тажриба алмашиш учун ҳам янги имкониятлар эшигини очди.

Жумладан, учрашувда келгуси йил музей экспозицияси доирасида Ўзбекистонда тайёрланадиган, Япониянинг миллий рамзлари, тарихи ва маданий меросини акс эттирувчи ўзбек амалий санъати намуналари кўргазмасини ташкил этиш масаласи кўриб чиқилди.
Мазкур ташаббус Самарқанд ва Нара шаҳарлари ўртасидаги маданий ҳамкорликни янада ривожлантириш, ўзбек ҳунармандларининг ижодий салоҳиятини Японияда кенг тарғиб этиш ҳамда икки халқ ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шунингдек, Япониянинг Нара шаҳрига ташриф давомида 1869 йилдан буён фаолият юритиб келаётган қадимий кулолчилик устахонасига ташриф буюрилди. Устахона раҳбари Марика Мори билан учрашув ва музокаралар ўтказилиб, ўзбек ва япон кулолчилик санъати анъаналарини ўзаро тарғиб қилиш, икки мамлакат усталарининг тажриба алмашинувини йўлга қўйиш ҳамда қўшма кўргазма ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
Келгусида ҳамкорлик доирасида ўзбек ва япон кулоллари томонидан яратилган керамика намуналарини биргаликда намойиш этиш, маҳорат дарслари ва ижодий учрашувлар ташкил қилиш режалаштирилмоқда. Мазкур ҳамкорлик ўзбек ва япон кулолчилик мактаблари ўртасида ижодий алоқаларни ривожлантириш, миллий ҳунармандчилик анъаналарини халқаро миқёсда тарғиб этиш ҳамда икки халқнинг маданий яқинлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Шу билан бирга делегация аъзолари замонавий қадоқлаш технологиялари билан танишиш мақсадида “Izumia Beverage Dealer” Co. Ltd компаниясига ташриф буюрди. Компания раҳбари Эисаку Иманиши билан учрашув ва музокаралар ўтказилди. Суҳбат давомида маҳсулотларни замонавий қадоқлаш усуллари, қадоқлашда миллий услуб ва дизайн ечимларидан фойдаланиш, маҳсулотларнинг ташқи кўриниши ҳамда бозорбоплигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Устахона раҳбари Ёичи Иноуе билан учрашув ва музокаралар ўтказилди. Ташриф давомида тарихий буюмлар, маданий мерос объектлари ва санъат асарларини асл ҳолатига яқин кўринишда сақлаш ҳамда қайта тиклашда қўлланиладиган анъанавий технологиялар, махсус материаллар ва устоз-шогирд анъаналари билан танишилди.
Айниқса, замонавий технологиялар ривожланган даврда ҳам қадимий реставрация усулларининг сақланиб келаётгани ва авлоддан-авлодга ўтказилаётгани алоҳида эътиборга молик.
Келгусида япониялик ҳунармандларнинг Самарқандга режалаштирилган ташрифи биродар шаҳарлар ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаб, ҳудудлараро туризм ва маданий дипломатия ривожига муносиб ҳисса қўшиши шубҳасиз.
Гулноза Бобоева,
ЎзА