“Таълим ва касб” халқаро кўргазмаси
Ёшларнинг келажакдаги касб ва таълим йўналишини тўғри танлаши уларнинг шахсий муваффақияти билан бирга, мамлакат тараққиёти учун ҳам муҳим омилдир. Бунинг учун эса ёшлар олдида кенг имкониятлар очиш, уларни зарур маълумот ва амалий тавсиялар билан таъминлаш долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.
Бухорода ёшларнинг келажакдаги касби ва таълим йўналишини онгли равишда танлашига кўмаклашиш мақсадида “Таълим ва касб” халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир маҳаллий ва хорижий олий таълим муассасалари билан ёшлар ўртасида бевосита мулоқот ўрнатиш, уларни таълим соҳасидаги замонавий имкониятлар билан таништириш ҳамда келажакдаги касбий фаолиятига оид саволларга аниқ жавоб олиш учун қулай майдон бўлди.


Кўргазма давомида иштирокчилар университетларнинг таълим дастурлари, қабул шартлари, ўқиш тўловлари, стипендия ва грантлар, шунингдек, турли мутахассисликлар бўйича мавжуд имкониятлар ҳақида олий таълим муассасалари вакилларидан бевосита маълумот олдилар. Бу эса ёшларга ўз қизиқиши, қобилияти ва келгуси мақсадларидан келиб чиқиб, таълим йўналишини танлашда бир нечта муқобил имкониятларни солиштириш шароитини яратди.
Айниқса, хорижий университетлар вакиллари билан юзма-юз мулоқот қилиш, халқаро таълим дастурлари, ўқиш ва молиявий қўллаб-қувватлаш имкониятлари билан ўз ҳудудида танишиш ёшлар учун муҳим амалий аҳамиятга эга бўлди. Эндиликда бундай маълумотларни олиш учун узоқ масофаларни босиб ўтиш ёки хорижга бориш шарт эмаслиги кўргазманинг аҳамиятини янада оширди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг сифатли таълим олиши, замонавий касб-ҳунарларни эгаллаши ва халқаро меҳнат бозорида рақобатбардош мутахассислар бўлиб етишиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. «Таълим ва касб» каби кўргазмалар ана шу вазифаларнинг амалий ифодаси сифатида ёшлар ва таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.


Зеро, касб танлаш — шунчаки бир йўналишни белгилаш эмас, балки инсоннинг келгуси ҳаёт йўлини белгилайдиган муҳим қарор. Бу жараёнда ёшларнинг ишончли маълумотга эга бўлиши, ўз имкониятларини тўғри баҳолаши ва онгли танлов қилиши муҳимдир.
Бухорода ўтказилган халқаро кўргазма ҳам ёшларнинг билим олишга бўлган интилишини қўллаб-қувватлаш, уларнинг келажак режаларини аниқ белгилаши ва таълим орқали муносиб касб эгаси бўлиб камол топишига хизмат қиладиган муҳим мулоқот майдони бўлди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири