Қонундаги ўзгаришлар муҳокама қилинди
Оқолтин туманида корхона ва ташкилотларнинг кадрлар бўйича менежерлари ҳамда ижро интизомига масъул ходимлари иштирокида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига киритилган ўзгартиришлар, уларнинг мазмун-моҳияти ва амалиётда қўлланилишига бағишланган семинар ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон Республикасининг «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги Қонунига ўзгартириш киритиш ҳақидаги 2026 йил 21 октябрдаги Қонунининг асосий мақсадлари, мазмун-моҳияти ва амалий аҳамияти атрофлича муҳокама қилинди.
Тадбирда вилоят ҳокимининг маслаҳатчиси Ғайбулла Юсупов ҳамда Давлат тилини ривожлантириш ва малака ошириш маркази Сирдарё ҳудудий бўлинмаси раҳбари Ҳамид Ёдгоров янги алифбонинг ўзига хос хусусиятлари, киритилган ўзгартишларнинг зарурати ва уларни амалиётга татбиқ этиш масалалари юзасидан батафсил тушунтиришлар бердилар.

Шунингдек, давлат тилида иш юритиш, расмий ҳужжатларни тайёрлашда адабий тил меъёрлари ва имло қоидаларига риоя этиш борасида ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда ўзбек тилини ривожлантириш, унинг давлат тили сифатидаги нуфузини ошириш ва жамият ҳаётининг барча соҳаларидаги мавқеини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугун ўзбек тили давлат бошқаруви, таълим, илм-фан, иқтисодиёт, ахборот-коммуникация технологиялари ва бошқа кўплаб йўналишларда кенг қўлланилмоқда. Айни пайтда унинг халқаро майдондаги нуфузи ҳам ортиб, хорижий мамлакатларда ўзбек тилини ўрганишга бўлган қизиқиш кучайиб бормоқда.
Бундай шароитда миллий ёзув тизимини замон талаблари, илмий тадқиқотлар ва рақамли технологиялар ривожи билан уйғунлаштириш муҳим вазифалардан бирига айланмоқда. Зеро, алифбо нафақат саводхонлик ва ёзма мулоқот воситаси, балки тилнинг рақамли муҳитда тўлақонли намоён бўлиши, ахборот алмашинуви ва билимларни кенг тарқатишнинг ҳам муҳим асосидир.
Семинарда янги қонун билан лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосининг таркибига киритилган ўзгартишларга алоҳида эътибор қаратилди. Унга мувофиқ, амалдаги 26 та ҳарф ва 3 та ҳарф бирикмаси ўрнига 28 та ҳарф ва 1 та тутуқ белгисидан иборат алифбо тизимини жорий этиш назарда тутилган.
Жумладан, ўзбек ёзувида қўлланиб келинаётган O‘, G‘, Sh ва Ch белгиларини Ö, Ğ, Ş ва Ç шаклида ифодалаш таклиф этилган. Бу ўзгаришлар икки қисмдан иборат график белгиларни ягона ҳарф кўринишига келтириш, ёзувдаги бир хилликни таъминлаш ҳамда матнлар билан ишлаш жараёнларини соддалаштиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Муҳими, мазкур ислоҳотни алифбони бутунлай янгидан шакллантириш эмас, балки мавжуд ёзув тизимини такомиллаштириш, унинг қулайлиги ва замонавий талабларга мослигини оширишга қаратилган жараён сифатида баҳолаш лозим.

— Айниқса, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект жадал ривожланаётган бугунги даврда ёзувда аниқлик ва ягона график белгилардан фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади. Товушларнинг ягона ҳарфлар орқали ифодаланиши компьютер тизимларида матнларни қидириш, таниб олиш, қайта ишлаш, сақлаш ва автоматик таржима қилиш жараёнларини янада такомиллаштириш имконини беради. Бу эса ўзбек тилининг рақамли макондаги имкониятларини кенгайтириш, уни замонавий технологиялар билан уйғун ривожлантиришга хизмат қилади, — дейди вилоят ҳокимининг маслаҳатчиси Ғайбулла Юсупов.
Шу нуқтаи назардан, алифбога киритилаётган ўзгартишлар нафақат ёзув амалиёти, балки давлат тилининг замонавий ахборот муҳитидаги ўрни ва рақобатбардошлигини мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Семинар давомида иштирокчиларга янги алифбонинг ўзига хос жиҳатлари, унинг имло ва иш юритиш амалиётига таъсири, ташкилотларда давлат тилида ҳужжатлар тайёрлашда эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар юзасидан атрофлича маълумот берилди. Қатнашчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоблар қайтарилди.
Бундай амалий учрашувлар янги қонунчилик талабларини жойларда тўғри англаш, мутахассисларнинг билим ва кўникмаларини ошириш, ташкилотларда давлат тилида иш юритиш маданиятини юксалтиришда муҳим аҳамиятга эга.
Бир сўз билан айтганда, тилнинг нуфузи фақат унинг қонунчиликдаги мақоми билан эмас, балки кундалик ҳаётда, давлат бошқарувида, таълим ва илм-фанда, шунингдек, замонавий технологиялар муҳитида қай даражада тўғри ва самарали қўлланилиши билан ҳам белгиланади. Ўзбек тилини замон билан ҳамнафас ривожлантириш эса унинг келгуси авлодлар учун ҳам бой ва мукаммал миллий қадрият сифатида сақланиб қолишини таъминлайди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири