Жамоалар ижодий синовдан ўтмоқда
Андижон шаҳрида вилоятда фаолият олиб бораётган халқ бадиий ҳаваскорлик жамоалари учун ижодий синов ўтказилди.
Халқимизнинг миллий рақс ва қўшиқчилик ва фольклор санъати ўзига хос ва бетакрор бўлиб, ушбу санъат илдизлари асрларга туташади. Унда халқимизнинг руҳияти, ўзлиги, қадимий қадрият ва анъаналари ўз ифодасини топади. Шу сабабли мамлакатимизда фольклор, миллий рақс ва қўшиқчилик санъатини асраб-авайлаш ва ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Жумладан, Маданият вазирлиги томонидан тузилган республика комиссияси томонидан ҳудудларда “Халқ ҳаваскорлик жамоалари” ва “Болалар намунали жамоалари”нинг ижодий синовлари ўтказилаётганлиги ҳам миллий санъатимизни асраб-авайлаш ва ривожлантиришга қаратилган ишларнинг бир намунасидир.


– Бугунги кунда Андижон вилояти туман ва шаҳар маданият бўлимлари қошида “Халқ ҳаваскорлик жамоаси” унвонига эга бўлган, жами 22 та ижодий жамоа фаолият юритмоқда, – дейди Андижон вилояти маданият бошқармаси маданий фаолият ва халқ ижодиёти шўъбаси бошлиғи Шоҳжаҳон Холбеков. – Бир неча кун давом этган синов жараёнида ҳар бир жамоа фаолияти самарадорлиги, имконият, маҳорат ва истеъдодларини намойиш этди.
Ижодий синовда “Халқ ҳаваскорлик жамоаси” ва “Болалар намунали жамоаси” унвонига эга бадиий ҳаваскорлик жамоаларини ижодий синовдан ўтказиш тўғрисида”ги низом талаблари асосида жамоаларнинг фаолияти кўриб чиқилди.
Комиссия томонидан жамоаларнинг сўнгги уч йил давомидаги фаолияти, репертуари, ижро маҳорати ва бадиий савияси баҳоланди. Шунингдек, уларнинг чиқишлари кузатилди.


– Жамоамиз бир неча йиллардан буён ранг-баранг репертуар ва чиқишлари билан кўплаб тадбирларда фаол иштирок этиб, юртдошларимизнинг қадимий санъатимиз дурдоналаридан баҳраманд этиб келади, – дейди Андижон тумани маданият бўлими қошидаги “Нафосат” ашула ва рақс халқ ансамбли бадиий раҳбари Сардорбек Мамасаидов. – Жамоамиз фаолиятини ривожлантириш, янада юқори босқичга кўтариш учун доимий равишда ижодий изланишдамиз. Мақсадимиз миллий санъатимизни халқимиз, айниқса, ёшлар ўртасида янада кенг тарғиб этиш, шу орқали миллий санъат анъаналари давомийлигини сақлашдир.
Синов натижаларига кўра, уларнинг фаолияти баҳоланиб, комиссия хулосасига кўра, жамоаларга халқ ҳаваскорлик жамоаси деган номга муносиб эканлигини тасдиқловчи тегишли сертификат тақдим этилади.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири