Фотожурналистика соҳасини ривожлантириш бўйича янги ташаббуслар илгари сурилди
Ўзбекистон Журналистлар уюшмасида Фотожурналистика кенгаши фаолиятига бағишланган мулоқот бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раисининг ўринбосари Дилшод Бўриев, кенгаш раҳбари Абдуғани Жумаев, журналистлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди.
Мулоқот давомида фотожурналистика ва ижодий фотографияни ривожлантириш, соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаш, ёш фотомухбирлар учун янги имкониятлар яратишга оид кўплаб таклиф ва ташаббуслар муҳокама қилинди.
Жумладан, ўзбек фотографиясининг асосчиси, маърифатпарвар жадид Худойберган Девонов (1878–1938) номидаги Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси мукофотини таъсис этиш таклиф қилинди. Ушбу мукофотни 2027 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта фотожурналистика ва ижодий фотографияни ривожлантириш, соҳани оммалаштиришга касбий фаолияти ҳамда жамоатчилик ишлари билан салмоқли ҳисса қўшган мутахассисларга топшириш кўзда тутилмоқда.
Мукофот низоми ва уни топшириш шартларини ишлаб чиқиш, лауреатларни диплом, Худойберган Девонов барельефи акс эттирилган, танга шаклидаги икки томонлама олтинранг медаль ҳамда базавий ҳисоблаш миқдорининг 75–100 баравари миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирлаш таклиф этилди.

Шунингдек, 2027 йилда Тошкент, Самарқанд, Хива ёки Бухоро шаҳарларидан бирида халқаро конференция ўтказиш ташаббуси илгари сурилди. Унда сунъий интеллект ва электрон технологиялар жадал ривожланаётган ҳозирги шароитда босма ва электрон оммавий ахборот воситаларида эълон қилинаётган фотосуратларнинг ҳаққонийлиги ва асллигини таъминлаш масалалари муҳокама қилиниши режалаштирилмоқда. Конференцияда қўшни давлатлар, Озарбайжон ва Туркия мутахассисларининг иштирокини таъминлаш таклиф қилинди.
Бундан ташқари, республика ва вилоятлар оммавий ахборот воситалари фотомухбирлари иштирокида ҳар уч ойда бир-икки кунлик маҳорат семинарларини, заруратга қараб эса ҳудудий ўқув машғулотларини ташкил этиб бориш зарурлиги таъкидланди.

«Маҳорат мактаби»нинг фаол иштирокчилари орасидан 4–5 нафардан иборат ижодий гуруҳ шакллантириб, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳудудларида ишлаб чиқариш, маданий-тарихий, этнографик ҳамда экологик мавзуларда 5–7 кунлик ижодий экспедициялар ташкил этиш таклиф қилинди. Бунда сафарларни талаба-ёшларнинг таътил даврига мослаштириш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.
Ёш фотомухбирларнинг касбий маҳоратини ошириш мақсадида ҳар йили фотожурналистика соҳасида ўз иқтидорини намоён этаётган икки нафар ёш мутахассисни ривожланган мамлакатлардаги ахборот агентликларидан бирига 1–2 ҳафталик стажировкага юбориш ташаббуси ҳам билдирилди.
Мулоқот якунида илгари сурилган таклифларни амалга ошириш имкониятлари, Фотожурналистика кенгаши фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда истиқболдаги устувор вазифалар юзасидан фикр алмашилди.
Н.Усмонова,
ЎзА