Миллий кутубхонада «Жангчи шоир армони» китоби тақдимоти бўлиб ўтди
Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳамда «Оила ва гендер» илмий-тадқиқот институти ҳамкорлигида ташкил этиб келинаётган «Китобхон оналар» маърифий лойиҳаси доирасида таниқли олима ва ижодкор Дилором Ёрматованинг «Жангчи шоир армони» номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда китобхонликнинг инсон маънавиятини юксалтириш, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат, тарихга ҳурмат ва миллий қадриятларга садоқат туйғуларини шакллантиришдаги аҳамияти ҳақида сўз юритилди.
Китоб муаллифи Дилором Ёрматова — Турон фанлар академияси академиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор. У нафақат илм-фан соҳасидаги изланишлари, балки адабиёт ва маънавият йўлидаги ижодий фаолияти билан ҳам кенг жамоатчиликка танилган.
Олиманинг илмий фаолияти Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида соя ва зайтун етиштириш агротехникасини ривожлантириш билан чамбарчас боғлиқ. Унинг кўп йиллик илмий изланишлари натижасида янги навлар яратилган, қатор илмий ишланмалар амалиётга татбиқ этилган. Дилором Ёрматова кўплаб монографиялар, дарсликлар, ўқув қўлланмалар, илмий мақолалар ва бадиий китоблар муаллифи.
Тақдимоти ўтказилган «Жангчи шоир армони» китоби эса муаллифнинг яна бир муҳим ижодий изланиши бўлиб, унда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, истеъдодли ўзбек шоири ва педагог Бурхон Турсуновнинг ҳаёти, ижоди ва қаҳрамонлиги ҳақида ҳикоя қилинади.
Тақдимот давомида китобнинг яратилиш тарихи, Бурхон Турсуновнинг адабий меросини ўрганиш ва келажак авлодга етказиш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида ҳам фикрлар билдирилди. Иштирокчилар асарнинг тарихий ва маънавий аҳамиятига алоҳида тўхталиб, бундай китоблар орқали урушда ҳалок бўлган аждодларимизнинг ҳаёти, жасорати ва ушалмай қолган орзуларини яна бир бор ёдга олиш муҳимлигини таъкидлади.
Тадбирда сўзга чиққан олималар, ижодкорлар ва жамоатчилик вакиллари Дилором Ёрматованинг илмий ва ижодий фаолиятига юксак баҳо бериб, китобхонлик маданиятини ривожлантириш, аёллар маънавиятини юксалтириш ҳамда тарихий хотирани асраб-авайлаш борасидаги бундай учрашувларнинг аҳамиятини қайд этдилар.
Учрашув самимий мулоқот, шеърият ва китоб атрофидаги фикр алмашувлар билан давом этди.
Н.Усмонова,
ЎзА