
Ўзбекистон Республикаси Президенти “Таҳлилий ва тадқиқотчилик фаолиятини ташкил қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, таҳлилий ва тадқиқот тузилмалари фаолиятини ташкил қилиш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш ҳузурида алоҳида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади.
Жамғарма маблағлари Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасида алоҳида очилган ҳисобрақамларда жамланади ва Мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан белгиланган тартибда сарфланади.
Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг 25 миллион АҚШ доллари миқдоридаги бир марталик беғараз тўлови;
халқаро, хорижий ва маҳаллий ташкилотларнинг грантлари ва ҳомийлик маблағлари;
Жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан тушадиган даромадлар;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
Жамғарма маблағлари қуйидагиларга йўналтирилади:
Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг фаолият йўналишлари бўйича тадқиқотларни амалга ошириш;
таҳлилий материалларни тайёрлаш ва тадқиқотларни ўтказиш учун грантлар ажратиш;
экспертлик, тадқиқотга оид ва бошқа хизматларни кўрсатувчи маҳаллий ва хорижий жисмоний ва юридик шахслар хизмат ҳақи учун тўловларни амалга ошириш;
таҳлил ва тадқиқот йўналишида тузилган вақтинчалик лойиҳа гуруҳлари фаолиятини молиялаштириш;
ижтимоий сўровлар ва жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича тадқиқотларни амалга ошириш;
таҳлилчилар ва мутахассисларни ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш;
нашрлар, адабиётлар, маълумотлар базалари ва тадқиқотлар натижаларини тайёрлаш ва харид қилиш ҳамда уларга обуна бўлиш;
илмий-тадқиқот соҳасидаги конференциялар ва бошқа тадбирларни ташкил қилиш ҳамда уларнинг ишида иштирок этиш харажатлариниш;
Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича бошқа харажатларни қоплаш.
Жамғарма маблағлари мақсадли ва самарали сарфланиши устидан назорат Мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан амалга оширилади.
ЎзА