Ўзбекистон Республикаси Президентининг ф а р м о н и
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
ф а р м о н и
Сўнгги йилларда мамлакатимизда шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, унинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, суд ишларини юритишнинг барча босқичларида тарафларнинг тортишув тамойили қўлланилишини янада кенгайтириш ҳамда ушбу соҳада халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани жорий этишга қаратилган бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди.
Шу билан бирга, суд-тергов амалиётини таҳлил қилиш ва фуқаролар мурожаатларини ўрганиш натижалари жиноят процессида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш бўйича механизмлар тўлиқ ишга солинмаганлигидан, шунингдек, қонунчиликда жиноят ишларини тергов қилиш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ваколатларини аниқ белгилаш билан боғлиқ бўшлиқлар мавжудлигидан далолат бермоқда.
Мамлакатимизда жиноят ишларини тергов қилиш фаолиятини халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда яхшилаш, қонун устуворлиги ва жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларини рўёбга чиқариш, жиноят-процессуал қонунчилигини янада такомиллаштириш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш мақсадида:
1. Қуйидагилар суд-тергов фаолиятини янада такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:
шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, процессуал ҳаракатларнинг сифатини ошириш, жиноят процессида далилларни тўплаш ва мустаҳкамлаш, уларга баҳо бериш тизимини илғор хорижий тажрибада кенг қўлланиладиган исботлаш стандартларини инобатга олган ҳолда қайта кўриб чиқиш;
ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг жиноятларни фош этиш борасидаги фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш, содир этилган ҳар бир жиноят учун жавобгарликнинг муқаррарлигини ҳамда шахс, жамият ва давлатга етказилган зарар тўлиқ қопланишини таъминлаш;
шахсга нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш билан боғлиқ қилмишлар содир этилишининг олдини олиш бўйича самарали механизмларни жорий қилиш, шунингдек, бундай қилмишлар учун жавобгарликни кучайтириш;
жиноят ишларини тергов қилиш жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, суриштирув ва дастлабки тергов органларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш ва кадрлар салоҳиятини ошириш;
жиноятчиликнинг олдини олиш тизими самарадорлигини ошириш, шунингдек, жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитларини ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ва уларда қонунга итоатгўйлик руҳини шакллантириш механизмини жорий қилиш.
2. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Адлия вазирлиги ва Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказининг жиноятларни фош этиш фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи таклифларига розилик берилсин:
тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар ходимлари томонидан гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчидан ариза, тушунтириш ёки кўрсатувлар олишни мазкур жиноят иши юритувида бўлган суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судьянинг ёзма рухсатига асосан ва фақат ҳимоячи иштирокида амалга ошириш (белгиланган тартибда ҳимоячидан воз кечилган ҳоллар бундан мустасно);
жиноят содир этишда гумон қилинаётган шахсни ушлаб туриш муддатини у ҳақиқатда ушланган вақтдан бошлаб ҳисоблаш;
шахс амалда ушланган ёки уни жиноят устида ушлаш билан боғлиқ тезкор тадбир амалда якунланган ёхуд гумон қилинувчи деб эътироф этилганлиги ҳақидаги қарор унга маълум қилинган пайтдан бошлаб у билан боғлиқ процессуал ҳаракатларни ўтказишдан олдин унинг адвокат билан холи учрашиши таъминланиши шартлигини белгилаш;
айбига иқрорлик бўйича келишув институтини жорий қилиш. Бунда, айрим жиноятлар тоифалари бўйича шахс айбини бўйнига олиш тўғрисида арз қилган, чин кўнгилдан пушаймон бўлган, жиноятнинг очилишига фаол ёрдам берган ва келтирилган зарарни бартараф қилган ҳолларда суриштирув ва дастлабки тергов органлари билан ёзма келишув тузилиши ҳамда унга нисбатан суд томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси Махсус қисмининг тегишли моддасида назарда тутилган энг кўп жазонинг ярмидан кўп бўлмаган миқдори ва (ёки) муддатигача жазо тайинлаш;
жиноят ишини судга қадар юритиш босқичида гувоҳ ва жабрланувчини оғир касаллиги ёки узоқ муддатга чет давлатга чиқиб кетиш зарурати туфайли кечроқ сўроқ қилиш имконияти бўлмаган тақдирда, уларнинг кўрсатувларини гумон қилинувчи, айбланувчи, жабрланувчи, гувоҳ, прокурор ёки адвокатнинг илтимосномасига кўра суд томонидан тарафларнинг иштирокида олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш (депонирование) тартибини жорий қилиш;
ўта оғир жиноят содир этганликда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахсларга оид ишлар бўйича, шунингдек, шахсга нисбатан қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи кўриб чиқилаётганда ҳимоячининг иштирок этиши шартлигини белгилаш.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Адлия вазирлиги ва Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази билан биргаликда икки ой муддатда мазкур бандда назарда тутилган масалалар юзасидан тегишли қонун лойиҳасини қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Адлия вазирлиги ва Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказининг жиноят ишларини судда кўришни янада такомиллаштириш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи таклифларига розилик берилсин:
агар суд тергови вақтида судланувчининг унга илгари айблов қўйилмаган жиноятни содир этганлигини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланса, судланувчини янги айблов бўйича жиноий жавобгарликка тортиш асосларини аниқлаш ҳақида илтимосномани судга киритиш ҳуқуқини иш бўйича барча тарафларга бериш;
агар суд тергови вақтида жавобгарликка тортилмаган шахс томонидан жиноят содир этилганлигини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланса, ушбу шахсни ишда айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш учун асосларни аниқлаш ҳақида илтимосномани судга киритиш ҳуқуқини иш бўйича барча тарафларга бериш;
шахсга эълон қилинган айблов, жиноят иши суднинг қайси инстанциясида кўрилаётганлигидан қатъи назар, ярашув институти доирасига тушадиган Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси Махсус қисмининг моддаси ёки қисмига ўзгартирилган ҳолларда ярашув институтини қўллаш тартибини жорий қилиш;
судланувчининг жиноят содир этилишига дахли бўлмаганлиги асоси билан оқлов ҳукми чиқарилган ҳолларда жиноятни ҳақиқатда содир этган шахсни аниқлаш ва айбланувчи тариқасида ишга жалб қилиш учун жиноят ишини прокурорга юбориш тартибини ўрнатиш.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Адлия вазирлиги ва Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази билан биргаликда икки ой муддатда мазкур бандда назарда тутилган масалалар юзасидан тегишли қонун лойиҳасини қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритсин.
4. Қуйидагилар тақиқлансин:
терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов органлари ходимлари томонидан шахсни ғайриқонуний ҳаракатлар содир этишга ундаш ва бундай ундаш оқибатида содир этилган жиноят учун уни айблаш. Бунда, тезкор-қидирув тадбирлари натижалари фақат улар қонун талабларига асосан олинган ва шахсда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ёки тезкор тадбирда иштирок этган бошқа шахсларнинг ҳаракатларига боғлиқ бўлмаган ҳолда жиноят содир этиш учун шаклланган қасд мавжуд бўлгандагина суд ҳукмида далил сифатида тан олиниши мумкин;
шахсни жиноят ишида гумон қилинувчи ёки айбланувчи сифатида жалб қилиш учун асослар мавжуд бўлган ҳолларда (экспертиза ёки тафтиш ўтказиш талаб этиладиган ҳоллар бундан мустасно), уни гувоҳ тариқасида сўроқ қилиш, шунингдек, унга гумон қилинувчи ёки айбланувчининг процессуал ҳуқуқлари тушунтирилгунига қадар ундан бирон-бир ёзма ёки оғзаки кўрсатувлар олиш;
ушланган гумон қилинувчи ёки айбланувчининг яқин қариндошларини процесс иштирокчиси сифатида жалб қилиш учун асослар мавжуд бўлмаган ҳолларда уларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга чақириш ва сўроқ қилиш;
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Адлия вазирлиги ва Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази билан биргаликда икки ой муддатда мазкур бандда назарда тутилган масалалар юзасидан тегишли қонун лойиҳасини қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритсин.
5. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
терговга қадар текширув ёки терговда ушланган шахсни ва озодликдан маҳрум қилиш жойларида жазони ўтаётган маҳкумни тиббий кўрикдан ўтказиш, шунингдек, вақтинча сақлаш ва тергов ҳибсхоналарида сақланаётган гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчини гувоҳлантириш уларнинг ёки адвокатининг илтимосномасига асосан 24 соат ичида вақтинча сақлаш ва тергов ҳибсхоналари ёки жазони ижро этиш муассасалари тасарруфида бўлмаган тиббий муассасалар ходимлари томонидан амалга оширилиши шарт, бунда харажатлар илтимоснома киритувчи тараф ҳисобидан қопланади;
оғир ёки ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар ярашилганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод этилмаслигига оид қоида вояга етмаганлар, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлари, аёллар, олтмиш ёшдан ошган эркаклар ва эҳтиётсизлик орқасида жиноят содир этган шахсларга нисбатан қўлланилмайди;
вояга етмаганлар, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлари ҳамда пенсия ёшига етган шахсларга нисбатан уч йилдан ортиқ бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо назарда тутилган қасддан содир этилган жиноятларга доир, шунингдек, эҳтиётсизлик оқибатида содир этилиб, бунинг учун беш йилдан ортиқ бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо назарда тутилган жиноятларга доир ишлар бўйича қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашга йўл қўйилмайди.
6. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда жиноят ишининг терговга тегишлилиги институтини янада такомиллаштириш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритсин.
Бунда, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексида назарда тутилган ҳолларда жиноят иши бир суриштирув ёки дастлабки тергов органидан бошқасига ўтказилиши фақат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унинг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар томонидан амалга оширилиши мумкинлигини назарда тутсин.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Давлат хавфсизлик хизмати раиси, ички ишлар вазири, Миллий гвардияси қўмондони ва Давлат божхона қўмитаси раисининг алоҳида эътибори жиноят ишларининг терговга тегишлилиги тўғрисидаги жиноят-процессуал қонунчилиги нормаларига сўзсиз риоя этилиши учун жиноят ишларини тергов қилиш ваколатига эга бўлган тегишли тузилмалар раҳбарлари шахсан жавобгар ҳисобланишига қаратилсин.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори жиноят ишларини терговга тегишлилигига оид қоидаларга сўзсиз риоя этилишини таъминлаш бўйича тизимли чоралар кўриб борсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:
“Электрон жиноий-ҳуқуқий статистика” ягона ахборот тизимида яратилган жиноятга оид ариза, хабар ва бошқа маълумотларни электрон рўйхатга олиш ва уларни кўриб чиқиш натижаларининг ягона электрон ҳисобини юритиш имконини берувчи дастурий модулни барча терговга қадар текширувни амалга оширувчи органларга уланишини ва 2021 йил 1 январдан бошлаб тўлиқ ишга туширилишини;
уч ой муддатда жиноятлар ҳақидаги ариза, хабар ва бошқа маълумотларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш, шунингдек, терговга қадар текширув ҳаракатларини ўтказиш тартибини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилишини таъминласин.
8. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратураси, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардияси ва Давлат божхона қўмитаси Молия вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 июнга қадар:
суриштирувчи ва терговчиларни видеотасвирга олиш воситалари билан таъминлаш;
тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш муассасаларини тергов ҳаракатларини видеоконференцалоқа режимида ўтказишда фойдаланиладиган техник воситалар ва ускуналар билан тўлиқ жиҳозлаш ва уларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш чораларини кўрсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Ички ишлар вазирлиги:
2021 йил 1 январга қадар Тошкент шаҳар прокуратураси тергов бўлинмалари ва Ички ишлар бош бошқармаси тергов бошқармасининг фаолиятини халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибага мувофиқ намунавий тарзда ташкил этсин. Бунда, уларни замонавий криминалистик ускуналар билан жиҳозланган автотранспорт воситалари, процессуал ҳаракатларни аудио ва видеога қайд этиш тизимлари ҳамда стенография юритиш ускуналари билан таъминлашга, шунингдек, хизмат биносида махсус тергов ҳамда гумон қилинувчи ва айбланувчининг ҳимоячи билан холи учрашиш хоналарининг мавжудлигига алоҳида эътибор қаратилсин;
2021 йил якунига қадар тергов бўлинмаларининг намунавий фаолиятини ташкил этишнинг натижаларини инобатга олган ҳолда бундай тажрибани бошқа барча суриштирув ва дастлабки тергов тузилмаларида жорий этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига таклиф киритсин.
Белгилаб қўйилсинки, ушбу Фармоннинг 8 ва 9-бандларида назарда тутилган тадбирлар билан боғлиқ сарф-харажатлар тегишли давлат органларининг бюджетдан ташқари маблағлари ва халқаро ҳамкорлар кўмаги ҳисобидан ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
10. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси:
бир ой муддатда Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда тергов соҳасида малакали кадрларни тайёрлашга ихтисослашган олий таълим муассасасини ташкил этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;
икки ой муддатда прокуратура органларининг белгиланган штат бирлиги доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят ва Тошкент шаҳар прокуратуралари тизимида прокурор-криминалист лавозимини жорий этиш;
уч ой муддатда Давлат бюджети параметрларида прокуратура органлари учун ажратилган маблағлар доирасида ва бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан прокурор-криминалистларни замонавий махсус жиҳозлар билан таъминлаш чораларини кўрсин.
11. Ушбу Фармонда белгиланган чора-тадбирларнинг самарали ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш мақсадида бир ой муддатда:
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори (Йўлдошев), Давлат хавфсизлик хизмати раиси (Азизов), ички ишлар вазири (Бобожонов), Миллий гвардияси қўмондони (Джураев) ва Давлат божхона қўмитаси раиси (Азимов) – республика ва вилоятлар даражасидаги ҳайъат йиғилишларини онлайн тарзда ўтказиб, унда суриштирув ва дастлабки тергов тузилмалари раҳбарлари ва масъул ходимларига суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш бўйича янги қабул қилинган чоралар мазмун-моҳияти етказилиши ва амалиётга тўғри татбиқ этилишини таъминласин;
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси (Камилов) – Олий суд Пленумининг навбатдан ташқари йиғилишида қабул қилинган Фармон нормалари судларда тўғри татбиқ этилиши, шунингдек, суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш устидан суд назоратини кучайтириш масалаларини кўриб чиқсин;
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори (Ходжаев) Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Миллий телерадиокомпанияси ва “Дунё" ахборот агентлиги билан биргаликда – оммавий ахборот воситалари, маҳаллий ва хорижий экспертлар ҳамда фуқаролик жамияти институтларини жалб қилган ҳолда ушбу Фармонда белгиланган чора-тадбирларни аҳоли ва экспертлар ҳамжамияти орасида кенг ёритиш чораларини кўрсин.
12. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси масъул вазирлик ва идоралар билан биргаликда ушбу Фармонда назарда тутилган чора-тадбирлар ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ҳар чоракда ахборот бериб борсин.
13. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Олий суди, Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.
14. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2020 йил 10 август