Солиқ қоидабузарликлари ҳақида хабар берганларга мукофот пули берилди
Рақамли иқтисодиёт шароитида давлат ва фуқаро ўртасидаги ҳамкорлик тобора янги босқичга кўтарилмоқда. Солиқ соҳасида жорий этилган рақамли хизматлар нафақат тадбиркорларга қулайлик яратмоқда, балки жамоатчилик назоратини ҳам кучайтирмоқда. Ана шундай самарали ечимлардан бири — «Солиқ» мобил иловасидаги «Солиқ ҳамкор» тизими.
Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йил январь–июнь ойларида мазкур тизим орқали 63 минг 714 та мурожаат келиб тушган. Бу эса аҳолининг солиқ қонунчилигига риоя этилишига бефарқ эмаслиги, истеъмолчилик ҳуқуқларини ҳимоя қилишда фаол иштирок этаётганини кўрсатади.
Таҳлилларга кўра, мурожаатларнинг асосий қисми харид чеклари берилмаслиги билан боғлиқ. Жумладан, 51 минг 974 та харид чеки берилмаган. 2 минг 149 ҳолатда пластик карта орқали тўлов қабул қилиш рад этилган. 135 та — пластик карта орқали тўлов учун нарх сунъий равишда оширилган. 9 минг 456 та — бошқа турдаги солиқ ҳуқуқбузарликлари аниқланган. Бу рақамлар айрим савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталарида нақд тушумларни яшириш, солиқ ҳисоботини камайтиришга уриниш ҳолатлари ҳали ҳам учраётганини кўрсатади. 99,5 фоиз мурожаат ўз тасдиғини топган.
Ҳисобот даврида келиб тушган мурожаатларнинг 19 минг 40 таси такрорий экани ёки мазкур тадбиркорлик субъектида текширув олиб борилаётгани сабабли кўриб чиқилмаган. Қолган мурожаатлар асосида 41 минг 687 та сайёр солиқ текшируви ўтказилган. Энг эътиборли жиҳат, текширувларнинг 99,5 фоизида ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тасдиқланган. Бу кўрсаткич икки муҳим хулосани англатади.
Биринчидан, фуқаролар мурожаатларининг аксарияти асосли назоратнинг рақамли механизми амалда юқори самара бераётганини англатади. Иккинчидан, «Солиқ ҳамкор» тизимида ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган фуқаролар давлат томонидан моддий рағбатлантирилади.
2026 йилнинг дастлабки олти ойида 31 минг 174 та ҳолат бўйича жами 20,2 миллиард сўм мукофот пули тўланган. Мукофот миқдори ҳуқуқбузарлик бўйича ундирилган жариманинг 20 фоизи ҳисобидан шакллантирилади. Бу механизм аҳолининг солиқ назоратидаги иштирокини ошириш, яширин иқтисодиётга қарши курашиш ва ҳалол рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Солиқ кодекси, шунингдек «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун талабларига мувофиқ, товар ёки хизмат учун ҳисоб-китоб амалга оширилганда харидорга фискал чек бериш мажбурий ҳисобланади. Шунингдек, пластик карта орқали тўловни рад этиш, карта орқали тўлов учун алоҳида устама ҳақ белгилаш, чек бермаслик, қонунчилик талабларини бузиш ҳисобланади ва белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.
Сўнгги йилларда мамлакатда солиқ маъмурчилигини рақамлаштириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Электрон ҳисобварақ-фактуралар, онлайн назорат-касса машиналари, электрон чеклар, QR-кодли тўловлар ҳамда «Солиқ» мобил иловаси ана шу тизимнинг муҳим бўғинига айланди.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА