Тошкентда 600 мингдан ортиқ квартира баҳоланди: қиймат 7,4 баробар юқори
Кўчмас мулкни баҳолаш тизимида янги ёндашув — объектларнинг бозор шароитига яқин қийматини ягона ва шаффоф мезонлар асосида аниқлаш имконини беради. Тошкент шаҳрида ўтказилган дастлабки оммавий баҳолаш натижалари эса амалдаги кадастр қиймати билан бозорга яқинлаштирилган қиймат ўртасида сезиларли тафовут борлигини кўрсатди.
Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш миллий марказининг маълум қилишича, 2025 йил 5 мартдаги 43-сон Президент фармонига мувофиқ, Ўзбекистонда кўчмас мулкни оммавий баҳолаш тизими босқичма-босқич жорий этилмоқда. Ушбу жараённинг дастлабки тажриба-синов ишлари Тошкент шаҳрида амалга оширилди.
Оммавий баҳолашнинг асосий мақсади — кўчмас мулк объектларининг қийматини замонавий усуллар асосида, ягона мезонлар бўйича аниқлаш ва уларни бозор шароитига яқинлаштиришдан иборат. Бунда объектнинг нафақат техник хусусиятлари, балки унинг жойлашуви, ҳудуддаги инфратузилма, ер участкасининг қиймати ва бошқа муҳим омиллар ҳам инобатга олинади. Тошкент шаҳрида ўтказилган дастлабки оммавий баҳолаш натижалари амалдаги кадастр қиймати билан кўчмас мулкнинг бозор шароитларига яқинлаштирилган қиймати ўртасида сезиларли фарқ мавжудлигини кўрсатди.
Хусусан, 600 мингдан ортиқ квартира бўйича оммавий баҳолаш натижасида аниқланган қиймат амалдаги кадастр қийматидан ўртача 7,4 баробар юқори бўлган. 215 мингта ҳовли-жой объекти бўйича эса ушбу кўрсаткич 15 баробарни ташкил этган.
Бундай катта тафовутнинг асосий сабабларидан бири амалдаги кадастр қийматини белгилашда кўчмас мулкнинг бозор қийматига таъсир этувчи айрим омиллар тўлиқ ҳисобга олинмагани билан боғлиқ. Жумладан, объектнинг жойлашуви, унга яқин ҳудуддаги транспорт ва ижтимоий инфратузилманинг ривожланганлик даражаси, ер участкасининг қиймати каби омиллар амалдаги кадастр баҳосида тўлиқ акс этмаган.
Янги тизимнинг муҳим жиҳати шундаки, оммавий баҳолашда бир ҳудуддаги кўплаб ўхшаш объектларни баҳолаш учун ягона ва замонавий ёндашувлардан фойдаланилади. Бу эса баҳолаш жараёнида субъектив ёндашувларни камайтириш, шаффофликни таъминлаш ва кўчмас мулк қийматини объективроқ аниқлаш имконини беради.
Бунда замонавий ахборот технологиялари ва маълумотлар базаларидан фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади. Кўчмас мулк объектлари ҳақидаги маълумотларни тизимлаштириш ва таҳлил қилиш орқали уларнинг қийматига таъсир қилувчи омилларни янада аниқроқ баҳолаш имконияти яратилади.
Шу билан бирга, оммавий баҳолаш натижасида аниқланган қиймат кўчмас мулкнинг мажбурий сотув нархи ҳисобланмайди. Яъни мазкур қиймат мулк эгасини объектни шу суммада сотишга мажбурламайди.
Аксинча, у кўчмас мулкнинг бозор шароитларига яқин қийматини ягона, шаффоф ва замонавий мезонлар асосида аниқлаш учун хизмат қилади. Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш тизимининг босқичма-босқич жорий этилиши келгусида кўчмас мулк бозорида шаффофликни ошириш, баҳолаш жараёнларини замонавийлаштириш ва мулк қиймати ҳақида янада объектив маълумот шакллантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА