Узумчилик сердаромад соҳа
Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманидаги “Зайтунзор” боғдорчилик фермер хўжалигида узумчилик фермер ва деҳқон хўжаликлари учун соҳани ривожлантириб, ҳосилдорликни оширишга бағишланган семинар ташкил этилди.
Тажрибали фермер Ҳайдархон Маҳмудов мавжуд экин майдонининг ярим гектарида “тоифи”, “Ризамат”, “Мерседес” навли узум боғи барпо этган. Боғдорчиликнинг ҳадисини олган фермер ҳар йили узумзордан мўл ҳосил олади. У ернинг тилини, ток парваришлаш сирини чуқур эгаллаган. Моҳир боғбон етиштирган узумлар болдек ширинлиги билан ички бозорда харидоргир.

Семинарда туман ҳокими ўринбосари Н.Нормуродов ва бошқалар мамлакатимизда самарасиз боғларни янгилаб, саноатлашган боғлар барпо этишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Боғларни янгилаш жараёнларида қўлланиладиган имтиёзлар ва уларни қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳақида атрофлича маълумот берилди. Боғбоннинг токларни парваришлаш ва мўъжазгина ер майдонидан мўл ҳосил етиштириш сирлари ўрганилди.

Семинарда узумзорларни парваришлаш, токларни илғор агротехник усулда жойлаштириш, замонавий агротехнологияларни жорий этиб, бозорбоп, сифатли, мўл ҳосил олиш юзасидан ўзаро фикр алмашилди. Таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири