Сув инфратузилмасини модернизация қилишда халқаро ҳамкорликнинг янги босқичи
Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш, оқова сувларни бошқариш тизимини такомиллаштириш бугунги кунда нафақат экологик барқарорлик, балки ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётини таъминловчи муҳим омиллардан бирига айланмоқда. Шу боис мамлакатимизда мазкур йўналишдаги инфратузилмани модернизация қилиш, замонавий технологияларни жорий этиш ва соҳанинг инвестицион салоҳиятини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Айни жараёнда халқаро молия институтлари билан ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, сув таъминоти ва оқова сув инфратузилмасини ривожлантириш, ҳудудий корхоналарнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий махсус техника ва ускуналар билан таъминлаш борасида халқаро тажриба ва молиявий имкониятлардан самарали фойдаланиш бўйича изчил ишлар амалга ошириляпти.
Шу мақсадда “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси ўринбосари Н. Ходжамов бошчилигидаги делегация Хитой Халқ Республикасининг Пекин шаҳрида ўтказилаётган “AIIB Urban Knowledge Forum 2026” форумида иштирок этмоқда.

Мазкур нуфузли тадбир шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш, замонавий ва барқарор шаҳар муҳитини шакллантириш, шунингдек, сув таъминоти тизимида илғор ечимларни қўллаш бўйича халқаро тажриба алмашиш учун муҳим мулоқот майдони бўлмоқда.
Ташриф доирасида шаҳар ва сув инфратузилмасини ривожлантиришнинг замонавий ёндашувлари ўрганилмоқда. Жумладан, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш сифатини ошириш, оқова сувларни самарали тозалаш, иқлим ўзгаришлари таъсирига чидамли ва барқарор инфратузилмани шакллантириш, шунингдек, соҳага инновацион ва технологик ечимларни кенг жорий этиш масалалари юзасидан фикр алмашилмоқда.
Форумда “Осиё инфратузилма инвестициялари банки (ОИИБ)”нинг шаҳарсозлик ва сув секторидаги стратегик устувор йўналишлари ҳам муҳокама қилинмоқда. Бунда банк томонидан инфратузилма лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш механизмлари, инвестицияларни жалб этиш имкониятлари ва амалга оширилаётган лойиҳалар самарадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиляпти.

Мулоқотлар давомида соҳада мавжуд муаммолар, уларнинг амалий ечимлари ҳамда келгусидаги устувор вазифалар юзасидан таклифлар кўриб чиқилмоқда. Айниқса, сув таъминоти ва оқова сув инфратузилмасини янгилашга қаратилган инвестиция лойиҳаларини шакллантириш, уларни замонавий технологиялар асосида амалга ошириш ва халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама этилмоқда.
Бугунги кунда сув хўжалиги соҳасида ҳар бир янги лойиҳа нафақат мавжуд инфратузилмани янгилаш, балки аҳоли учун янада қулай ва сифатли хизматларни йўлга қўйиш, сув ресурсларидан тежамкор ва самарали фойдаланиш ҳамда келажак авлодлар учун барқарор тизим яратишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Шу нуқтаи назардан, “Ўзсувтаъминот” АЖнинг халқаро молия институтлари, жумладан, “ОИИБ” билан ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган ташаббуслари мамлакатимизда сув таъминоти соҳасини янги босқичга олиб чиқиш, инвестициявий лойиҳалар кўламини кенгайтириш ва илғор хорижий тажрибани амалиётга татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этади.
Нилуфар Бозорова, ЎзА