Ташаббусли бюджет: 3 трлн сўм, 2059 лойиҳа ва халқ назорати(+видео)
"Ташаббусли бюджет" халқнинг муаммоларига ечим топишда муҳим ўрин тутмоқда. Бу механизм қандай ривожланмоқда ва унинг жорий мавсуми қандай натижалар берди?
“Ташаббусли бюджет”ни бежизга “халқ бюджети” деб айтилмаяпти. Сабаби бу орқали аҳолининг йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларига ечим топилмоқда. Унинг мақсади жойлардаги инфратузилма лойиҳаларининг қамровини кенгайтириш, барча учун тенг шароитларни яратишга қаратилгандир. Муҳими, ушбу лойиҳаларга ажратилаётган маблағлар бўйича ҳам ҳар йили ўзгаришлар бўлмоқда.
Жорий йилги “Ташаббусли бюджет”нинг 2-мавсуми, ажратилаётган маблағ ва энг муҳими ушбу маблағларнинг оқилона ва самарали сарфланиши устидан ўрнатилган шаффоф назорат механизмлари хусусида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бош мутахассиси Ҳабибулло Ҳамидов билан суҳбатлашдик.
- Айтинг-чи бу галги “Ташаббусли бюджет”нинг саралаш босқичида қайси йўналишлардаги лойиҳалар кўпроқ устуворлик касб этди?
- Юртимизда олиб борилаётган очиқ сиёсат натижасида айнан бюджет маблағларининг бир қисмини фуқаролар иштирокида сарфлаш, яъни “Ташаббусли бюджет” механизми 2021 йилдан бошлаб, янгиланган талқинда ўз фаолиятини олиб бормоқда. Маълумот учун, ушбу жараёнларнинг 2026 йил 2-мавсумида даставвал таклиф киритиш босқичида ташаббускор фуқароларимиз томонидан ўзида ижтимоий ва инфратузилмавий муаммоларни касб этган 23 мингдан ортиқ лойиҳалар очиқ бюджет ахборот порталига келиб тушди. Ушбу лойиҳаларни соҳалар кесимида кўрадиган бўлсак ички йўлларни таъмирлаш, соғлиқни сақлаш, тиббиёт, мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларини таъмирлаш ва уларнинг моддий техник базасини яхшилаш ва ундан сўнг эса кўча чироқлари, ичимлик суви ва бошқа инфратузилмавий лойиҳалар ҳам шулар жумласидандир.
-”Ташаббусли бюджет” жараёнларида халқимизда фаоллик ошганми ва ғолиб бўлмаган лойиҳаларнинг тақдири нима бўлади?
Айнан овоз бериш жараёнида ташаббускор фуқароларимиз томонидан 10 миллиондан зиёд овозлар берилди. Ҳар бир берилган овоз “Ташаббусли бюджет” жараёнида “бир фуқаро – бир овоз” тартибида келиб тушди. Фуқароларимизда дахлдорлик ҳисси тобора ошиб бораётганини кўришимиз мумкин. Маълумот ўрнида айтишимиз керакки, “Ташаббусли бюджет” 2-мавсумига 3 трлн сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди. Натижада 2059 та ғолиб лойиҳалар аниқланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 264-сонли қарорига асосан “Ташаббусли бюджет” жараёни доирасида 2 та муҳим йўналиш бизга белгилаб берилди. (давоми видеода)
Санжар Тошпўлатов, Дониёр Якубов, Искандар Исматов, ЎзА