Қиличбозлик: Ўзбекистон кубоги ғолиблари аниқланди
Тошкентда катталар ўртасида қиличбозлик бўйича Ўзбекистон кубоги мусобақалари давом этмоқда. Навбатдаги куни рапира бўйича шахсий ва сабля бўйича жамоавий баҳслар ўтказилиб, ғолиб ва совриндорлар номи маълум бўлди.
Рапира бўйича эркаклар ва аёллар ўртасидаги шахсий мусобақаларда жами 106 нафар спортчи иштирок этди. Қиличбозлар Тошкент шаҳри, Тошкент, Андижон, Фарғона ва Самарқанд вилоятлари номидан баҳс олиб борди.
Эркаклар ўртасидаги беллашувларда Даниил Кравцов (Тошкент шаҳри) биринчи ўринни эгаллади. Улуғбек Усмонов (Тошкент шаҳри) кумуш, Ратмир Семеев (Андижон вилояти) ва Ильяс Молина (Тошкент шаҳри) бронза медалларига сазовор бўлди. Аёллар ўртасида Елена Петрова (Тошкент шаҳри) шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди. Асаль Каримова (Тошкент шаҳри) иккинчи, Дурдона Мадаминжонова ва Сабина Адашалиева эса учинчи ўринни эгаллади.
Сабля бўйича эркаклар ва аёллар ўртасидаги жамоавий мусобақаларда ҳам кучли жамоалар аниқланди.
Эркаклар баҳсида Тошкент шаҳрининг биринчи жамоаси чемпионга айланган бўлса, Қорақалпоғистон Республикасининг учинчи жамоаси иккинчи бўлди. Ушбу ҳудуднинг биринчи ва тўртинчи жамоалари бронза медалларини қўлга киритди. Аёллар ўртасида Қорақалпоғистон Республикасининг иккинчи жамоаси шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди. Мазкур ҳудуднинг биринчи жамоаси кумуш, Жиззах вилояти ҳамда Тошкент шаҳрининг биринчи жамоалари бронза медаллари билан тақдирланди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА