Голливуд нигоҳидаги Ўзбекистон: тарихий шаҳарлар киноэкранга кўчиши мумкин
Самарқанд, Бухоро ва Хива каби қадимий шаҳарлар Голливуд кинолойиҳалари учун ўзига хос суратга олиш манзилига айланиши мумкин. Бу ҳақда америкалик кинопродюсер Ларри Касанофф Тошкентда бўлиб ўтган учрашувда маълум қилди.
«Ипак йўлида туризм» 31-Тошкент халқаро туризм ярмаркаси ҳамда Туризм соҳасидаги биринчи халқаро инвестиция форуми доирасида Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аккулов Голливуд кинопродюсери Ларри Касанофф билан учрашди.
Мулоқот давомида кино ва туризм соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган меморандум имзоланди. Томонлар Ўзбекистоннинг тарихий-маданий мероси ва табиий салоҳиятини халқаро аудиторияга кенг танитиш, мамлакатда йирик хорижий кинолойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини муҳокама қилди.
Хусусан, Country Placement дастури асосида Ўзбекистонда Голливуднинг саргузашт жанридаги блокбастер фильмларидан бирини суратга олиш истиқболлари кўриб чиқилди. Лойиҳани амалга оширишда Ўзбекистон Миллий кинокомиссияси амалий кўмак кўрсатиши режалаштирилган.
— Ўзбекистоннинг бой тарихи, меҳмондўст халқи, минг йиллик меъморий ва маданий мероси жаҳон киноижодкорлари учун катта имкониятлар очади. Самарқанд, Бухоро ва Хива каби шаҳарлар саргузашт руҳидаги фильмлар учун ҳақиқий дурдона бўла олади, — деди Ларри Касанофф.
Кинопродюсер, шунингдек, туризм ярмаркаси доирасида «Кино ва туризм: янги туристик манзилларни яратиш» мавзусидаги махсус сессияда иштирок этди. Унда хорижий кинолойиҳаларни жалб қилиш ва кино орқали янги туристик йўналишларни шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.
Қайд этиш жоизки, халқаро киноасарларда мамлакатнинг тарихий обидалари, табиати ва маданияти намойиш этилиши унинг сайёҳлик жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.
Маълумот учун, Ларри Касанофф киноиндустрияда 35 йилдан ортиқ тажрибага эга. У «Threshold Entertainment Group» компанияси раиси ва бош ижрочи директори, шунингдек, «Mortal Kombat» франшизаси яратувчиларидан бири ҳисобланади. У «Terminator 2: Judgment Day» ва «True Lies» каби машҳур фильмлар устида ҳам ишлаган.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА