Нодирбек Абдусатторов “London Chess Classic 2026”нинг илк турида ғалабага эришди
Бугун, 26 ноябрь куни Буюк Британияда давом этаётган “London Chess Classic 2026” халқаро турнири “Мастерс” гуруҳининг 2-турида Нодирбек Абдусатторов қора доналарда англиялик Майкл Адамс билан куч синашади.
Дунёнинг 10 нафар энг маҳоратли шахматчилари иштирокида ўтаётган халқаро турнирнинг кеча ўтказилган илк турида Нодирбек оқ доналарда Англия вакили Шреяс Роялга қарши дона сурди.
Қизиқарли кечган баҳс давомида Абдусатторов тўлиқ устунликка эришди ва рақибини 43-юриш ҳолатида таслим бўлишга мажбур қилди.
Айтиш лозимки, 9 та турдан иборат мазкур турнирда Ниҳал Сарин (Ҳиндистон), Левон Аронян, Энди Вудворд (АҚШ), Гавейн Маророа Жонс, Майкл Адамс, Люк МакШейн, Василий Иванчук ва Игор Самуненков (Украина) Абдусатторов сингари “Мастерс” гуруҳида дона сурмоқда.

Ортда қолган дастлабки тур ўйинларида Абдусатторов сингари Энди Вудворд қора доналарда украиналик Игор Самуненковни енгган бўлса, қолган қарама-қаршиликларда муроса йўли танланди.
Эслатиб ўтамиз, 4 декабрга қадар давом этадиган “London Chess Classic 2026” халқаро турнири “Мастерс” гуруҳининг умумий мукофот жамғармаси 131 минг АҚШ долларидан иборат бўлиб, ғолиб шахматчи 65 минг 500 АҚШ доллари билан тақдирланади.
Т.Рўзиев,
ЎзА