Ғалаба илдизи — ирода ва маънавий уйғоқлик
Ҳар бир буюк ғалабанинг илдизи ирода ва маънавий уйғоқликка бориб тақалади. Гоҳида биргина самимий калом, юракдан чиққан ҳаётий ўгит бутун бир авлоднинг қалбига машъала ёқиши, унинг келажак йўлини чароғон этиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Иорданияга давлат ташрифи чоғида самолёт бортида суюкли набираси Шавкатбекка битган мактуби ана шундай юксак тарбиявий ва маънавий қудратга эга тарихий мурожаат бўлди.
Бу битик шунчаки оилавий хотира ёки кўнгил изҳори эмас, балки катта ҳаёт остонасида турган бугунги Ўзбекистон ёшларига, хусусан, спорт таълими муассасаларида таҳсил олаётган талаба-ёшлар, бўлажак мураббийлар, спорт менежерлари ва олимпиадачиларга қаратилган теран фалсафий даъват, Ватан ва бурч олдидаги масъулият сабоғидир.
Мактубдаги: «Нега Сиз доим узоқ сафарларга кетасиз?» деган болаларча беғубор ва самимий савол ортида давлат раҳбарининг зиммасидаги улкан масъулият ҳамда халқ олдидаги юксак бурч мужассам. Ўқув-машғулот йиғинлари, нуфузли халқаро турнир ва мусобақалар туфайли йилнинг аксарият қисмини сафарларда ўтказадиган, жаҳон ареналарида юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қилаётган ёш спортчилар ва талабалар учун ушбу сатрлар айниқса яқин ва қадрлидир. Зеро, ҳар бир халқаро старт, ҳар бир сафар ва шоҳсупадаги ҳар бир ғалаба ортида тинимсиз меҳнат, қатъий интизом, оила ва яқинлар билан вақтинчалик айрилиқ ҳамда эл-юрт олдидаги юксак жавобгарлик туради.
Машаққатли меҳнатдан — кенг имкониятлар сари
Давлатимиз раҳбари мактубда ўз болалик йилларидаги оғир синовларни — ёзнинг жазирамасида ғўза чопиш, куз ва қишнинг изғирин совуқ кунларида пахта териш каби машаққатларни ёдга олар экан, бугунги ёшларнинг барча қулай шароитларда билим олиши ва ўз салоҳиятини тўлақонли рўёбга чиқариши энг катта ютуқ ва бебаҳо неъмат эканини алоҳида таъкидлайди.
Спорт соҳасида камол топаётган ёшлар учун бу фикрлар ниҳоятда чуқур маъно касб этади. Бугун юртимизда спорт таълими ва олимпия ҳаракатини тизимли ривожлантириш, селекция ишларини такомиллаштириш ҳамда босқичма-босқич тайёргарлик вертикалини мустаҳкамлашга давлат сиёсати даражасида устувор аҳамият қаратилмоқда. Тошкентда бунёд этилган замонавий Олимпия шаҳарчаси — кўп тармоқли спорт ареналари, велодром, тиббиёт ва илмий-амалий марказларни ўзида мужассам этган йирик мажмуа мамлакатимиз спорти тараққиётида янги саҳифа очди. Шу билан бирга, маҳаллалардан тортиб туман, шаҳар ва республика босқичларигача қамраб олувчи «Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари» ҳамда «Президент Олимпиадаси» каби кенг кўламли мусобақалар, шунингдек, спорт мактаблари ва олий таълим даргоҳларидаги янгиланишлар истеъдодли ёшларни кашф этишга хизмат қилмоқда.
Кечаги авлоднинг оғир дала меҳнати эвазига эришилган тинчлик ва тараққиёт бугун шинам спорт заллари, замонавий ареналар, илмий-услубий лабораториялар ва ўқув аудиторияларида — Янги Ўзбекистон ёшларининг порлоқ ғалабалари учун мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтамоқда. Талаба-ёшларнинг бугунги муқаддас бурчи ана шу имкониятлар қадрига етиб, ҳар бир кунни юксак натижалар сари йўналтиришдир.
Бўлажак чемпионлар ва мутахассислар учун ҳаётий ўгитлар
Мактубда илгари сурилган ҳаётий тамойиллар спорт ва жисмоний тарбия йўналишидаги талабаларнинг кундалик фаолияти, машғулот жараёни ҳамда келгуси касбий камолоти учун дастуриламал бўлиб хизмат қилади:
Вақт қадри: Спортда сониянинг улушлари ғолиб номини ҳал қилганидек, ҳаёт, таълим ва машғулотларда ҳам ҳар бир лаҳзани ғанимат билиш шарт. Ортга қайтиб бўлмайдиган энг бебаҳо бойлик — бу вақтдир.
Илм ва хорижий тиллар: Замонавий мураббий, спорт менежери, шарҳловчи ёки соҳа тадқиқотчиси фақат жисмоний тайёргарликка эмас, балки чуқур назарий билим, илғор илмий янгиликлар ва хорижий тилларни пухта эгаллашга таяниши лозим. Халқаро мусобақалар, нуфузли анжуманлар ва спорт дипломатиясида тил билиш ёш мутахассисга улкан устунлик беради.
Масъулият ва интизом: Бошланган ҳар бир ишни охирига етказиш, машғулот ва ўқиш тартибига қатъий риоя қилиш, бугунги вазифани эртага қолдирмаслик юксак марралар гаровидир. Изчиллик ва темир интизом тасодифий омад ўрнини барқарор ғалабаларга бўшатиб беради.
Ирода ва матонат: Спорт майдонида кутилмаган мағлубият, жароҳат ёки оғир синовлар учраб туриши табиий. Мактубдаги қийинчилик қаршисида синмаслик, тушкунликка берилмаслик, сабр ва метин ирода билан яна оёққа тура олиш ҳақидаги ўгит ҳар бир спортчи учун чинакам руҳий таянчдир.
Ҳалол меҳнат: Ғалабага фақат ҳалол кураш, пешона тери ва виждонан ёндашув орқали эришиш спортнинг асл фалсафасига, адолат ва поклик тамойилларига тўла ҳамоҳангдир.
Ватан ва давлат рамзларига садоқат: Жаҳон ареналарида шоҳсупага кўтарилганда, Давлат байроғимиз сарбаланд ҳилпираб, Мадҳиямиз янграган лаҳзаларда спортчи қалбида жўш урадиган ифтихор туйғуси мактубда тараннум этилган юртга садоқат руҳини янада теранлаштиради. Олис юртларда Ватан соғинчи дилни ўртаганда, миллий ғуруримиз тимсоли бўлган байроғимизга боқиш ҳар бир юртдошимизга чексиз куч бағишлайди.
Юксак одамийлик: Кучли, тезкор ва матонатли бўлиш билан бирга, ҳар қандай вазиятда мард, камтар, ҳалол ва олижаноб инсон бўлиб қолиш ҳақиқий чемпион ва зиёли мутахассисга хос энг олий фазилатдир.
Янги ғалабаларга чорловчи маънавий маёқ
Юртбошимизнинг: «Халқим тунда осуда ухлаши учун ҳам мен ҳар доим бедор бўлмоғим керак, ахир!» деган юрак сўзлари эл-юрт фаровонлиги ва Ватан тинчлиги йўлидаги буюк фидойиликнинг ёрқин ифодасидир. Ушбу самимий эътироф замирида давлат раҳбарининг мамлакатимиз ёшларига бўлган чексиз ишончи, уларнинг эртанги кунига қаратилган улуғ умидлари мужассам.
Ана шу юксак ишончга муносиб жавоб бериш — бугунги авлоднинг шарафли бурчидир. Спорт йўналишида таҳсил олаётган ҳар бир талаба ўз устида тинимсиз изланиши, она тилимиз софлигини асраган ҳолда хорижий тилларни мукаммал ўрганиши, спорт назарияси, методикаси ва замонавий илм-фан ютуқларини чуқур ўзлаштириши зарур.
Зеро, боболик меҳри ва давлат раҳбарининг оталарча ғамхўрлиги йўғрилган ушбу мактуб бугун ҳар бир ёш қалбида Ватан олдидаги масъулият, букилмас матонат ва Янги Ўзбекистон байроғини жаҳон узра янада баланд кўтаришдек муқаддас мақсадни алангалатмоқда. Бу ўгитлар эртанги кун чемпионларини янги зафарлар сари етаклайдиган сўнмас маънавий маёқ бўлиб қолаверади.
Нодир Ғаффоров,
ЎзДЖТСУ спорт психологияси
педагогика ва тиллар кафедраси профессори,
Моҳира Ҳайитова катта ўқитувчи