Ўзбек фольклори халқаро илмий майдонда
Миллатнинг қиёфасини дунёга танитишда фольклор санъатининг ўрни беқиёс. Хитой Халқ Республикасининг Пекин шаҳрида Хитой Ижтимоий фанлар академияси ташкилотчилигида Хитой ва Марказий Осиё халқлари эпоси ҳамда адабиётини қиёсий ўрганишга бағишланган халқаро «Тяньшань форуми» бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти етакчи илмий ходими, филология фанлари доктори, профессор Жаббор Эшонқулов иштирок этиб, форумнинг ялпи мажлисида илмий маъруза билан қатнашди.

Айтиш керакки, Жаббор Эшонқулов ўзбек фольклоршунослигининг ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган олимлардан бири бўлиб, унинг илмий изланишларида халқ достонлари, эпик анъаналар, мифологик қарашлар ва халқ оғзаки ижодининг бадиий хусусиятларини ўрганиш муҳим ўрин тутади. Олимнинг тадқиқотлари орқали халқимизнинг асрлар давомида шаклланган маънавий дунёси, миллий қадриятлари ва бадиий тафаккурини чуқурроқ англаш имкони яратилади.

Форум давомида Хитой ва Марказий Осиё халқларининг бой эпик мероси, халқ оғзаки ижоди намуналари ҳамда адабий анъаналарини қиёсий ўрганиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, халқлар ўртасидаги тарихий-маданий алоқалар, муштарак қадриятлар ва ўзаро яқин бадиий хусусиятларни тадқиқ этиш юзасидан фикр алмашилди.

Ўзбек халқ оғзаки ижоди миллий маънавиятимиз, тарихий хотирамиз ва бадиий тафаккуримизнинг бебаҳо хазинаси. Халқ достонлари, афсона ва ривоятлар, мақоллар ҳамда бошқа фольклор намуналарида халқимизнинг ҳаёт тажрибаси, орзу-интилишлари, урф-одатлари ва асрий қадриятлари мужассам. Шу боис ушбу меросни халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб этиш нафақат миллий маданиятимизни танитиш, балки турли халқлар ўртасидаги муштарак маънавий илдизларни англашда ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Профессор Жаббор Эшонқуловнинг «Тяньшань форуми»даги иштироки ўзбек фольклоршунослигининг халқаро илмий майдондаги нуфузини мустаҳкамлаш, миллий оғзаки ижод намуналарини жаҳон илмий жамоатчилигига кенгроқ танитиш ҳамда хорижлик тадқиқотчилар билан илмий алоқаларни ривожлантириш нуқтаи назаридан аҳамиятли.
Н.Усмонова,
ЎзА