Нурхон Элмирзаеванинг шеърий тўплами тақдимоти бўлди
Жорий йилнинг 27 март куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида таниқли журналист, моҳир публицист ва истеъдодли шоира Нурхон Элмирзаеванинг “КЎНГИЛ ТОВУШЛАРИ” шеърий тўпламининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирни Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б. ШУҲРАТ ОРИФ кириш сўзи билан очиб берар экан, муаллифни
ва барча шеърият ихлосмандларини навбатдаги ижодий туҳфа билан чин қалбдан табриклади.
“Қанот” лойиҳаси доирасида “Янги китоб” нашриёти томонидан чоп этилган мазкур тўплам ижодкорнинг илк китоби экани билан айниқса аҳамиятлидир.
500 га яқин шеърларни ўз ичига жамлаган салмоқли ва мундарижаси кўламдор нашр Ватан cоғинчи, ота-онанинг шахс баркамоллигидаги ўрни, фасллар ранглари, мусофир изтироблари, дийдорлик саодати, устозлар иззати, меҳр-оқибат каби ҳар бир уйғоқ қалбли инсонни қийнайдиган абадий туйғуларни теран ифодалайди.
[gallery-28386]
Ҳар бир шеъри муаллифнинг олам ўзра туганмас ҳайратлари, ўтинчи, тазарруси, виждон овози ва чексиз соғинчларининг, бетакрор она табиатнинг гўзал нилий тасвирлари, ўз-ўзини, ички қалб дунёсини, руҳий эврилишларни тўхтовсиз тадқиқ этаётган аёлнинг юксак тафаккур хулосаларидир.
Тақдимотда иштирок этган олим ва ёзувчилар, ижодкорлар китобнинг аҳамияти ва бадиий қиймати, ютуқ ва камчиликлари хусусида ўзларининг илмий ва бадиий фикр-мулоазаларини ифода этишди.
– Шеърият, бу – қалбнинг қудратли тили, озод руҳнинг баралла овозидир. У тасаввурлардан эмас, қалбда қайнаб, сўнг тошган туйғулардан туғилади. Нурхоннинг шеърларини ўқир экансиз, қоронғи кулбангизни оҳиста ёритиб тонгги қуёш нури кўнглингизни илитиб келаётгандек туюлади, – деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира ҲАФИЗА ЭГАМБЕРДИЕВА. – Бу нур қотмоққа шайланган кўнгилни аста юмшатиб, бекинмоқ истаган гўзал туйғуларни ташқарига ҳайдайди.
– Истеъдодли журналист Нурхон Элмирзаева шеърияти билан ошно бўлганлар башарият дарди билан дардланган, борлиққа меҳри пайванд бир кўнгилга мафтун бўладилар, - дейди филология фанлари доктори, профессор НУРБОЙ ЖАББОРОВ. – Унинг ижодини газеталарда, ижтимоий тармоқларда салкам чорак асрдан буён кузатиб келаман. Ижодидаги самимият, беғубор кечинмалар қўлингиздан тутиб олис қишлоққа, болалик йилларига, ота-она ва жигарлар билан боғланган мустаҳкам, ўзбекона ришталарга, тиканлари гоҳо қўлни тилгувчи, аммо жозибадор гулзорларга, муҳаббат аталмиш қадим туйғу қирларига, армон тўла тоғларга бошлайди. Аминманки, тўхтовсиз изланишлари орқали шоира жуда катта поэтик салоҳиятини келгусида тўлиқ намоён этади.
– Нурхоннинг ижодий иқлимида табиатга вобасталик бор: унинг дунёсида ёмғирлар куйчи, гуллар ҳисларнинг соқчиси, офтоб табассумлар сабаби, барча наботот олами туйғулар таржимони, – дейди филология фанлари бўйича фалсафа доктори, шоира СИТОРАБОНУ ҲОШИМ ҚИЗИ. – Унинг дунёқарашида кўнгил поклиги, нафосатга ўчлик, латифликни шаффоф тушуниш борки, бу ўқирманнинг туйғуларини тарошлайди, ҳиссиётларига сайқал беради. Шу зайл унинг шеъриятида куйланган ҳиссиётлар ошиғига айланасиз, шоирани қийнаган ўйларга дарддош бўласиз, эзгу туйғулар юрагингиздан мустаҳкам жой эгаллайди. Том маънода кўнгилнинг асрий саслари-товушлари бўлган ушбу ўлмас битиклари севган кўнгилларга дийдор, дилпораларга малҳам ва соҳир сўз шайдоларига таскин бўлади, деб умид қиламиз.
Маълумот учун: Нурхон Элмирзаева 1981 йил 29 мартда Қашқадарё вилояти Китоб туманида туғилган. 1999-2025 йилларда Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетини тамомлаган (магистр). Турли йилларда “Фидокор”, “Оила ва жамият”, “Адолат”, “Куч – адолатда” газеталарида самарали фаолият юритган. Ҳозирда “XXI asr” ижтимоий-сиёсий газетаси масъул муҳаррири. Унинг шеърлари қозоқ, қорақалпоқ, озарбайжон, турк ва рус тилларига таржима қилинган.