Эркпарвар шоирнинг шеърий тўплами тақдимоти
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида шоир ва бастакор Дадахон Ҳасаннинг “Дарди борнинг доди бор” номли шеърлар тўплами тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда уюшма раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид ижод аҳлига катта эътибор қаратилаётган бугунги ёруғ кунларга осонликча етиб келинмаганини таъкидлади.
– Бу китобнинг дунёга келиши осон бўлмади, – деди Сирожиддин Саййид. – Президентимиз томонидан маънавий-маърифий соҳада олиб борилаётган янгиланиш жараёнлари ижодкор зиёлиларни маънавий уйғоқликка даъват этмоқда. Бундай китобларнинг чиқмаганига ҳам 30 йилдан ошди. Ўтган асрнинг 70-йилларида Дадахон Ҳасановнинг қўшиқларини тинглардик. Ватан, халққа хизмат қилиш ўша давр ижодкорларининг фаолиятида устувор ўрин эгаллар эди. Ўша пайтлари Свердлов номидаги концерт залида Дадахон Ҳасанов концертига кириш учун турнақатор навбатлар бўлганди. Кейинроқ Дадахон аканинг “Лайло” деган қўшиғи чиқди. Рауф Парфи шеъри билан айтилувчи ушбу қўшиқни қайта-қайта тинглашарди. Президентимизнинг истеъдодларни қўллаб-қуватлаш, адабиёт аҳлига ғамхўрлик кўрсатишдек ибратли ишлари кенг қулоч ёзган шу кунларда Дадахон Ҳасановнинг ушбу китоби чоп этилиши ўзига хос аҳамият касб этади.
Тақдимот тадбирида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Aҳмаджон Мелибоев, журналист Шароф Убайдуллаев, профессор Ҳамидулла Болтабоев, Дадахон Ҳасанов ижоди хусусида батафсил сўз юритди.
[gallery-16776]
Анжуманда қайд этилганидек, Дадахон Ҳасан –ҳофизларнинг шоири, шоирларнинг ҳофизи. Унинг шу пайтгача бир неча тўпламлари нашр қилинган. Ушбу китобда ҳали эълон қилинмаган шеърлари нашр қилинган. Мазкур тўплам Ёзувчилар уюшмаси томонидан “Aдабиёт” нашриётида чоп этилган.
Унга Aзиз Саид муҳаррирлик қилган. Нодирхон Ҳасан нашрга тайёрлаган. Китобдан муаллифнинг "Она халқим", "Aлёр айтиб", "Aзизим Ватан", "Баҳорга ўхшайсан", "Куйлайман фақат" каби қатор шеърлари ўрин олган.
Дадахон Ҳасан 1940 йилда Фарғона вилояти Олтиариқ тумани Янгиарап қишлоғида туғилган. 1961-66 йилларда Тошкент давлат университети – ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетнинг журналистика факультетида таҳсил олган.
Шоирнинг “Шайдо кўнглим”, “Шоҳимардон сойлари”, “Чаманимдан айирма”, “Баҳор келур боғларга” китоблари чоп этилган. Улардаги лирик ва ватанпарварлик руҳидаги шеърлар Миртемир, Шукрулло каби устоз шоирлар назарига тушди. Унинг шеърларида Ватан, озодлик, миллий ҳуррият туйғулари асосий ўринни эгаллайди.
Дадахон Ҳасан учун шеър ва қўшиқнинг мазмуни – ҳаётий таассурот, воқеликлар мушоҳадаси, баҳс ва фикр қарашларидир. У ёзишни ёниш, деб тушунади. Куйлашни, сўз айтишни –англатиш, уйғотиш деб билади. Тасвир ва маҳоратни – миллий шеъриятимиз анъаналарига таянишда деб ҳисоблайди.
Тақдимотда сўзга чиққанлар шоирнинг ижодий фаолияти ҳақида сўз юритди. Қўшиқлар тингланди.
Н.Усмонова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА