Касаба уюшмасининг даъвоси қаноатлантирилди
Шифокор ўз иш жойида ҳимоясиз қолса, бемор тақдири қандай бўлади? Мана шу савол Ховос туман тиббиёт бирлашмаси мисолида яна бир бор долзарблик касб этди.
Фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё вилояти Боёвут туманлараро суди адолатли қарор чиқарди. 97 нафар шифокор ва ҳамширага тиббий халат ҳамда қалпоқлар ажратилди. Суд қароридан келиб чиқиб, иш берувчи жами 20 миллион 520 минг сўм маблағ ажратиши шартлиги қонун асосида белгилаб қўйилди.
Бу жараён тасодифий эмас. У — Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан амалга оширилган жамоатчилик назорати натижаси. Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича техник инспектор Аброр Ғаниев текширув пайтида ходимлар махсус тиббий кийим билан таъминланмаганини аниқлаганди. Иш берувчига берилган кўрсатма ўз вақтида бажарилмагани учун масала судгача етди.

Судда касаба уюшмаси даъвоси тўлиқ қаноатлантирилди.
– Биз кун бўйи беморлар билан бевосита мулоқот қиламиз. Ҳар бир халат ва қалпоқ нафақат бизнинг, балки беморларимизнинг хавфсизлиги учун ҳам зарур. Суд қарори биз учун катта ғалаба бўлди, – дейди Ховос туман тиббиёт бирлашмаси шифокори Баҳром Хидиров.
Мутахассислар таъкидлашича, тиббиёт ходимларини махсус кийим-бош билан таъминлаш қонун талаби бўлиб қолмай, инсон саломатлигини асрашнинг энг муҳим кафолатларидан ҳам биридир. Чунки замонавий касалхона қуришдан аввал, унда ишлайдиган шифокор ва ҳамширалар учун хавфсиз меҳнат муҳитини яратиш зарур.

Бу суд қарори эса касаба уюшмаларининг жамиятдаги ўрни, уларнинг иш берувчилар устидан самарали жамоатчилик назорати олиб бориши ва ходимлар манфаатини ҳимоя қилишдаги кучини яна бир бор амалда кўрсатди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири