Оммавий диктант — имло саводхонлиги синови
Давлат тилига эътибор, аввало, уни тўғри ёзиш, сўзлаш ва иш юритишда белгиланган имло қоидаларига амал қилишдан бошланади. Янгиер шаҳрида ўтказилган семинарда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига киритилган ўзгартиришлар, уларнинг мазмун-моҳияти ва амалиётдаги аҳамияти муҳокама қилинди. Тадбирнинг амалий қисмида эса иштирокчилар оммавий диктант орқали ўз имло саводхонлигини синовдан ўтказдилар.
Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиали биносида ташкил этилган семинарда шаҳар ҳокимлиги, идора, корхона ва ташкилотларнинг масъул ходимлари иштирок этишди.

Унда Янгиер шаҳар ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Отажон Холбоев ҳамда Давлат тилини ривожлантириш ва малака ошириш маркази Сирдарё ҳудудий бўлинмаси раҳбари Ҳамид Ёдгоров маъруза қилди.
Семинарда Ўзбекистон Республикасининг «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги Қонунига ўзгартириш киритиш ҳақидаги 2026 йил 21 октябрдаги Қонунининг асосий мақсадлари, мазмун-моҳияти ва амалий аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.

Янги қонунга мувофиқ, амалдаги 26 та ҳарф ва 3 та ҳарф бирикмаси ўрнига 28 та ҳарф ва 1 та тутуқ белгисидан иборат алифбо тизимини жорий этиш назарда тутилган. Жумладан, ўзбек ёзувида қўлланиб келинаётган O‘, G‘, Sh ва Ch белгиларини Ö, Ğ, Ş ва Ç шаклида ифодалаш белгиланган. Мазкур ўзгаришлар таркибий жиҳатдан икки қисмдан иборат белгиларни ягона ҳарф кўринишига келтириш, ёзувда бир хилликни таъминлаш ва электрон матнлар билан ишлаш жараёнларини соддалаштиришга қаратилган.

— Бундай тадбирларнинг аҳамияти шундаки, улар давлат тилига бўлган эътиборни кучайтириш, ёзма нутқ маданияти ва имло саводхонлигини оширишга хизмат қилади. Алифбога киритилган ўзгартиришлар ўзбек ёзувини такомиллаштириш, имло қоидаларини ягона меъёр асосида қўллаш ва амалиётдаги айрим муаммоларни бартараф этиш заруратидан келиб чиққан. Энг муҳими, янги талабларни чуқур ўзлаштириш ва уларни кундалик иш фаолиятида тўғри қўллаш лозим. Оммавий диктант каби амалий тадбирлар эса ходимларнинг бу борадаги билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашга ёрдам беради, — деди Давлат тилини ривожлантириш ва малака ошириш маркази Сирдарё ҳудудий бўлинмаси раҳбари Ҳамид Ёдгоров.

Тадбирнинг амалий қисмида иштирокчилар учун оммавий диктант ташкил этилди. Унда қатнашчилар ўз билимларини синовдан ўтказиб, имло қоидаларини амалда қўллаш кўникмаларини намоён этдилар.

Семинар якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олдилар. Бундай учрашувлар давлат тилида иш юритиш сифатини ошириш, янги алифбо талабларини кенг жорий этиш ва жамиятда ёзма саводхонлик маданиятини мустаҳкамлаш учун муҳим аҳамиятга эга.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири