Муқаддас байроқ — юксак ғурур тимсоли
Давлат байроғи — шунчаки рамз эмас, балки халқимизнинг ор-номуси, миллий ғурури, мустақиллиги ва бирдамлиги тимсолидир. Унинг ҳар бир ҳилпираши қалбларда Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини уйғотади. Гулистон шаҳридаги Миллий гвардия ихтисослаштирилган ўқув марказида Давлат байроғи қабул қилинганининг 35 йиллиги муносабати билан ёш авлод қалбида ана шу юксак қадриятларни мустаҳкамлашга қаратилган «Бир Ватан, бир эл, бир байроқ!» шиори остида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Унда Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби ҳамда Гулистон шаҳридаги Президент мактаби ўқувчи-ёшлари, Миллий гвардия ихтисослаштирилган ўқув маркази раҳбарияти, таълим муассасалари масъуллари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши вакиллари, ҳарбий хизматчилар ва педагоглар иштирок этишди.


Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши раиси Покиза Аҳмеджанова ҳам қатнашиб, Давлат байроғининг миллий ўзлик, мустақиллик ва халқ бирлигини ифода этувчи муқаддас тимсол сифатидаги аҳамияти ҳақида сўз юритди.


Шунингдек, мамлакатимизда таълим тизимини ривожлантириш, ёшларнинг сифатли билим олиши, истеъдод ва қобилиятларини рўёбга чиқариши учун яратилаётган имкониятларга тўхталди. Ёшларни Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшашга, мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланишга ва юрт равнақига муносиб ҳисса қўшишга чақирди.

Тадбирнинг бадиий қисмида Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби ўқувчилари томонидан тайёрланган ранг-баранг дастур намойиш этилди. Ватанга муҳаббат, миллий ғурур ва давлат рамзларига ҳурматни тараннум этган шеърлар, куй-қўшиқлар ҳамда рақслар иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлади.


Энг муҳими, ўтказилган ушбу тадбир ёшлар учун Давлат байроғининг қадри ва муқаддаслигини яна бир бор англаш, Ватанга садоқат ва фахр туйғуларини қалбдан ҳис этишга хизмат қилган мазмунли мулоқот ва маънавий учрашув бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири