Ислоҳотлар тоғликлар турмушини фаровонлаштиришга хизмат қилмоқда
Тоғли ҳудудларда яшашнинг ўзига хос машаққатлари бор. Рельефнинг мураккаблиги, масофа ва табиий шароит аҳоли турмуш тарзига ҳам, инфратузилмани ривожлантиришга ҳам таъсир кўрсатади. Бироқ бугун бундай ҳудудларда ҳам одамларнинг яшаш шароитини яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантириш, янги даромад манбаларини яратишга қаратилган саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бермоқда.
Қашқадарё вилоятининг Китоб туманидаги “Кўхсор” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Жоуз, Деновбола, Матмон, Аспидухтар ва Шут қишлоқларида амалга оширилаётган ишлар ҳам бунинг яққол мисолидир.
Бугун мазкур маҳаллада 6 минг 744 нафар аҳоли истиқомат қилади. 1 минг 248 та хонадонни бирлаштирган ҳудудда аҳолининг асосий машғулоти деҳқончилик, боғдорчилик ва чорвачиликдан иборат. Кейинги йилларда эса анъанавий хўжалик юритиш билан бирга, янги даромад манбаларини ўзлаштиришга ҳам эътибор кучаймоқда.
Қишлоқдаги ўзгаришлар, аввало, йўл, электр энергияси ва ичимлик суви каби кундалик ҳаёт учун зарур инфратузилма билан чамбарчас боғлиқ. Шу боис жорий йилда Кўхсор маҳалласини обод қилиш мақсадида маҳаллий бюджетдан 3 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.
Ушбу маблағ ҳисобидан 3 километр 200 метр ички йўл асфалтланди. Иккита янги трансформатор ўрнатилиб, 2 километр электр тармоғи тортилди, эскирган устунлар янгисига алмаштирилди. Шунингдек, битта артезиан қудуғи қазилди.
Бу ишлар қишлоқ аҳолиси учун шунчаки инфратузилма янгиланиши эмас, балки кундалик турмушдаги қатор қулайликлар деганидир. Айниқса, тоғли ҳудудларда йўлларнинг созлиги, электр таъминотининг барқарорлиги ва сув масаласининг ҳал этилиши одамларнинг иши, даромади ва ҳаёт сифатига бевосита таъсир кўрсатади.
[gallery-32607]
Маҳалла раиси Шоймардон Остоновнинг таъкидлашича, ободонлаштириш ишлари билан бир қаторда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш ҳам устувор вазифалардан бирига айланган.
Чиндан ҳам, маҳалладаги ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичларда ижобий ўзгариш кузатилмоқда. Йил бошида 6,7 фоизни ташкил этган камбағаллик даражаси айни пайтда 2,6 фоизга тушган. Ишсизлар сони ҳам йил бошидаги 53 нафардан 28 нафарга камайган.
Айниқса, ёшлар бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда 20 нафар ёшга 50 сотихдан ер майдони ажратилиб, уларнинг меҳнат қилиши ва даромад топиши учун имконият яратилди.
Маҳалла ёшлар етакчиси Муҳиддин Жабборовнинг айтишича, ёшларни ердан унумли фойдаланишга йўналтириш, уларни тадбиркорликка жалб қилиш орқали нафақат бандликни таъминлаш, балки қўшимча даромад манбаларини шакллантиришга ҳам эришилмоқда.
Деновбола қишлоғига борганимизда, аввало, узоқ йиллар давомида шу заминда меҳнат қилиб келаётган нуронийлар билан суҳбатлашдик. 76 ёшли Жума Панжиев, 72 ёшли Холмамат Бекмуродов ва Ёдгор Нуриддинов қишлоқ ҳаётидаги ўзгаришларни мамнуният билан тилга олади.
Уларнинг фикрича, кейинги йилларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, аҳоли учун яратилаётган имкониятлар қишлоқ турмушида сезиларли янгиланишларга замин яратмоқда. Зеро, бир умр шу қишлоқда яшаб, унинг ҳар бир сўқмоғи, булоғи ва боғини яхши биладиган инсонлар учун бу ўзгаришларнинг қадри баланд.
Қишлоқдаги яна бир хонадон эгаси Юсуф Алимуродов эса мавжуд имкониятлардан фойдаланиб, хўжалигида янги йўналишни йўлга қўйган. У деҳқончилик, боғдорчилик ва чорвачилик билан бир қаторда балиқчиликни ҳам ривожлантирмоқда.
Булоқ сувини махсус полиэтилен қувурлар орқали ҳовузларга олиб келган тадбиркор форель балиғи етиштиришга киришган. Ўтган йили ҳовузларга минг дона балиқ чавоғи ташлаб, бир тонна маҳсулот етиштирди. Бу эса унга 50 миллион сўм даромад келтирди.
Бу йил эса иш кўламини янада кенгайтиришни мақсад қилган. Ҳозирда ҳовузларда 3 минг дона форель чавоғи парваришланмоқда. Мўлжали – 10 тонна балиқ гўшти етиштириш.
Юсуф Алимуродовнинг хўжалигидаги ишлар фақат балиқчилик билан чекланмайди. У жорий мавсумда 5 тонна картошка ва 3 тонна олма ҳосили ҳам олган.
Аслида, бу каби мисоллар тоғли ҳудудларда ҳам тадбиркорликнинг янги йўналишларини ривожлантириш мумкинлигини кўрсатади. Бунинг учун мавжуд табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, ташаббусни қўллаб-қувватлаш ва меҳнатга муносиб шароит яратиш муҳим.
Матмон қишлоғида эса боғдорчиликнинг ўзига хос тажрибасига дуч келамиз. Бу ерда 70 ёшли Сирожиддин Салоҳов кўп йиллардан буён боғ билан шуғулланиб келади. Унинг ҳовлисидаги мевали дарахтлар шунчаки ҳосил манбаи эмас, балки йиллар давомида тўпланган тажриба ва меҳнат самарасидир.
Боғбоннинг 200 туп олма ва 100 туп нок дарахти бор. Уларда Крипсон, Голден, Жанатан каби олма, Ғари ва Лимончик каби нок навлари парваришланади. Мавсум давомида боғдан олинадиган ҳосил Сирожиддин ота хонадонига йилига 50–60 миллион сўм даромад келтиради.
Ота олти ўғил ва уч қизни вояга етказган. Кенжа ўғли Офарин Салоҳов ҳам отасининг меҳнат фаолияти билан яқиндан таниш. Бу эса боғдорчилик тажрибасининг кейинги авлодга ўтиши, оилавий меҳнат анъаналари давом этиши учун ҳам муҳим.
Тоғли қишлоқларда боғдорчиликнинг ўрни алоҳида. Табиий шароит, ер ва сув имкониятларидан тўғри фойдаланган ҳолда парваришланган ҳар бир кўчат йиллар давомида оила даромадига хизмат қилади. Бунинг учун эса сабр, меҳнат ва тажриба зарур.
Кўхсор маҳалласидаги ўзгаришларга назар ташлар эканмиз, бир ҳақиқат аён бўлади: ҳудудни ривожлантириш фақат йўл қуриш ёки электр тармоқларини янгилаш билан чекланмайди. Бу, энг аввало, одамларнинг ўз меҳнати орқали фаровон ҳаёт барпо этиши учун шароит яратишдир.
Бугун бир хонадонда боғдорчиликдан даромад олинаётган бўлса, бошқа бир хонадонда балиқчилик каби янги йўналиш ўзлаштирилмоқда. Ёшларга ер ажратилиб, бандлик имкониятлари кенгайтирилмоқда. Камбағаллик ва ишсизлик кўрсаткичлари пасаймоқда.
Энг муҳими, тоғ бағридаги бу қишлоқларда одамларнинг эртанги кунга ишончи, ўз имкониятларига таяниб яшашга интилиши кучаймоқда. Зеро, ислоҳотларнинг асл самараси ҳам одамлар ҳаётидаги ана шундай ўзгаришларда намоён бўлади.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари