Қарздорнинг биноси аукционга чиқарилди
Мирзаобод туманида «Ҳудудгаз» АЖга етказилган 11 миллиард 487 миллион сўмлик моддий зарарни қоплаш мақсадида қарздорга тегишли бино электрон онлайн-аукцион савдоларига қўйилди. Кўчмас мулкнинг бошланғич баҳоси 11 миллиард 202 миллион сўм этиб белгиланди.
Мажбурий ижро бюроси Мирзаобод туман бўлими томонидан суд ҳужжати ижросини таъминлаш, қарздор Р. Суюнов ва бошқалардан белгиланган маблағларни ундириш юзасидан ижро ҳаракатлари олиб борилмоқда.
— Ижро ҳаракатлари давомида қарздорларга тегишли бино хатланиб, электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилди. Энг муҳими, кўчмас мулк сотилганидан тушадиган маблағлар суд қарорида белгиланган қарздорликни қоплашга йўналтирилади, — деди Мажбурий ижро бюроси Сирдарё вилояти бошқармаси катта инспектори Фарруҳ Эшқулов.
Бундай ҳолатларнинг олдини олиш, мавжуд қарздорликларни бартараф этиш ва қонун устуворлигини таъминлаш борасида ижро органлари томонидан тизимли ишлар олиб борилмоқда. Бу эса суд ҳужжатлари ижросини ўз вақтида таъминлаш, етказилган зарарни қоплаш ҳамда қонуний манфаатларни ҳимоя қилиш имконини беради.
Ғулом Примов, ЎзА мухбир