“Таълим сифатини ошириш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг якка-ю ягона тўғри йўлидир”. Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига тақдим этган Мурожаатномасида шундай таъкидлади. Демак, 2023 йилга юртимизда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”, деб номлангани ҳам бежиз эмас.
Таълим, айниқса, инсон ҳуқуқи соҳасидаги таълимни ривожлантириш масаласи Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Бинобарин, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим – таълимнинг узвий ва ажралмас қисмидир.
Бу ҳақда фикр юритганда Миллий марказнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва маърифат бўлими томонидан 2022 йилда амалга оширилган айрим амалий ишларга тўхталиш мақсадга мувофиқ. Зеро, Президентимиз Мурожаатномасида қайд этилганидек, “Ушбу даврда тўплаган тажрибамиз бир ҳақиқатни яққол исботлаб бермоқда: тараққиётга – фақат машаққатли ва жасоратли меҳнат орқали эришилади”.
Ўтган йили “Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳаси, Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури лойиҳаси ва уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” лойиҳасидан иборат ҳужжатлар тўплами тайёрланди ва Президент Администрациясига киритилди.
Таъкидлаш керак, «Инсон ҳуқуқлари», «Аёл ҳуқуқлари», «Бола ҳуқуқлари» ўқув курсларини барча таълим муассасалари ўқув дастурига киритиш масаласи Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури ва уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” лойиҳасида инобатга олинган.
Президентимизнинг 2021 йил 26 июнда қабул қилинган “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида жорий йил 26-27 май кунлари марказимиз ташаббуси билан Бош прокуратура ҳамда Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусида ўқув курслари ташкил этилди.
Шу муносабат билан маъсус дастур ишлаб чиқилди, машғулотларда халқаро экспертлар иштироки таъминланди. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан прокуратура органларида тергов тармоғи устидан назорат бўлими, ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими прокурорлари – жами 30 нафар тингловчи иштирок этган ўқув курси якунида иштирокчиларга тегишли сертификатлар топширилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ Бош Ассамблеяси 76-сессияси ҳамда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида илгари сурган ташаббусига мувофиқ, 5-6 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим” Глобал форуми ўтказилди.
Инсон ҳуқуқи соҳасида таълимни ривожлантириш муаммолари муҳокамаси ва ечимига бағишланган мазкур анжуман доирасида Инсон ҳуқуқи мавзусига оид адабиётлар кўргазмаси ташкил этилиб, мингдан зиёд китоб, 250 номдаги илмий журнал намойиш этилди. Ушбу адабиётлар Миллий марказ томонидан Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети ва A.Пушкин номидаги вилоят илмий-универсал кутубхоналарига беғараз тақдим этилди.
Форум якунида адлия ва ички ишлар вазирлиги ҳамда Бош прокуратура ходимлари, судьялар, адвокатлар, профессор-ўқитувчилар, юридик таълим муассасалари бакалавриат ва магистратура талабалари, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари экспертлари учун инсон ҳуқуқи соҳасидаги таълим бўйича маҳорат дарси ташкил этилди. Маҳорат дарсида 7 мингдан кўп иштирокчи онлайн ва офлайн тарзда қатнашди.
15-16 февраль кунлари БМТ Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш қўмитасининг 81-сессиясида Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги халқаро конвенциянинг бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Олтинчи даврий маърузаси кўриб чиқилишига тайёргарлик бўйича муайян ишлар амалга оширилди.
Хусусан, ушбу маърузани кўриб чиқиш якуни бўйича БМТ Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш қўмитасининг якуний тавсияларини амалга ошириш юзасидан Миллий ҳаракатлар режаси тайёрланди, Парламент комиссиясининг 2022-2025 йилларга мўлжалланган миллий ҳаракатлар режаси ҳақида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.
21 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқи соҳасидаги халқаро мажбуриятларига риоя қилиш бўйича Парламент комиссияси йиғилишида Ҳукумат делегацияси аъзолари томонидан мамлакатимиз даврий маърузасини кўриб чиқиш натижаси бўйича ҳисобот тингланди.
Янада муҳими, давлатимиз раҳбарининг шу йил 7 мартда қабул қилинган «Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида белгиланганидек, Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция асосида қабул қилинган қонунчилик ҳужжатлари ижросини ўрганиш мақсадида вазирлик, идора ва ташкилотлар масъул ходимларидан иборат Ишчи гуруҳ тузилди. Ишчи гуруҳ томонидан қонунчилик ҳужжатлари ижросини мониторинг қилиш йўналишлари белгилаб олинди. Режа-жадвал, саволнома ишлаб чиқилди ва тасдиқланди. Режа-жадвал асосида 13-14 октябрь кунлари Тошкент вилоятида, 20-21 октябрь кунлари Фарғона вилоятида тегишли қонунлар ижроси ўрганилди.
Хулоса қилиб айтганда, Мурожаатномада алоҳида эътибор қаратилган, таълимнинг узвий ва ажралмас қисми ҳисобланган инсон ҳуқуқи соҳасидаги таълимни ривожлантириш йўлида ўтган йил салмоқли натижаларга эришилди, бу борада истиқболли режалар, муҳим вазифалар белгилаб олинди. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, “Ҳеч кимнинг унутишга ҳақи йўқ – қонун талаби ва инсон ҳуқуқи – биз учун олий қадрият”.
Фарход ҲАЙИТБОЕВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази
бўлим бошлиғи