Болалар овози ва ташаббуслари диққат марказида
Болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг фикрини тинглаш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш баркамол авлодни вояга етказишнинг муҳим шартларидан биридир.
Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги Ёшлар марказида Бутунжаҳон болалар куни муносабати билан «Болалик формуласи» номли очиқ мулоқот ташкил этилди.
100 нафарга яқин бола иштирок этган тадбирда Болалар омбудсманининг минтақавий вакили, вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Ўзбекистон болалар ташкилоти ҳамда волонтёрлар мактаби вакиллари қатнашди.
Очиқ мулоқотда болалар ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги иштирокини кенгайтириш, волонтёрлик ҳаракатини ривожлантириш ва ижтимоий ташаббусларини рағбатлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, ёш авлоднинг ўз фикрини эркин ифода этиши, таклиф ва ғояларини илгари суриши, истеъдод ҳамда қобилиятини рўёбга чиқариши учун яратилаётган имкониятлар хусусида сўз юритилди.
Тадбир давомида болаларни волонтёрлик фаолиятига кенг жалб этиш, уларда ижтимоий масъулият, ҳамжиҳатлик ва инсонпарварлик фазилатларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада ёшларнинг ташаббускорлигини ошириш ва жамоат ишларидаги иштирокини рағбатлантириш муҳим экани таъкидланди.
Самимий ва эркин руҳда ўтган учрашувда болалар ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан мутахассисларга саволлар бериб, тегишли жавоб ва тушунтиришлар олди. Шу билан бирга, ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдириш имкониятига эга бўлди.
«Болалик формуласи» ташаббусининг аҳамиятли жиҳати шундаки, унда болаларга нафақат ҳимоя ва ғамхўрликка муҳтож авлод, балки ўз ғоялари, қарашлари ва ташаббуслари билан жамият ривожига ҳисса қўша оладиган фаол иштирокчилар сифатида ёндашилади.
[gallery-32671]
Болалар манфаатларига дахлдор масалаларда уларнинг фикрини тинглаш, таклифларини инобатга олиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бола ҳуқуқларини таъминлашнинг муҳим мезонларидан биридир.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА