Чилонзорда кумушнинг ноқонуний савдоси фош этилди
Давлат хавфсизлик хизмати ва Божхона қўмитаси ходимлари ҳамкорлигида пойтахтимизнинг Чилонзор туманида қимматбаҳо металларнинг ноқонуний муомаласига чек қўйишга қаратилган тезкор тадбир ўтказилди.
Унда Тошкент вилояти Бўка туманида яшовчи, 1973 йилда туғилган шахс оғирлиги 7 килограмм 685 грамм бўлган соф кумушни 156 миллион сўмга сотаётган вақтида тезкор тадбир иштирокчилари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.
Текширувлар давомида қўлга олинган фуқаро қимматбаҳо металлар муомаласи билан шуғулланиш учун тегишли лицензияга эга эмаслиги ва ноқонуний фаолият амалга ошираётгани аниқланди.
Ҳозирда ушбу шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликда қимматбаҳо металлар муомаласи соҳасида қонунчилик талабларига риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш, ноқонуний фаолият ва яширин савдо ҳолатларининг олдини олиш борасида тезкор-профилактик тадбирлар изчил давом эттирилмоқда.
Ҳурматли фуқаролар, кумуш ёки бошқа қимматбаҳо металларни сотиб олишда унинг келиб чиқиши ва софлигини тасдиқловчи ҳужжатларни сўранг. Агар ҳужжатлар кўрсатилмаса, шартнома тузишга шошилманг! Дарҳол бу ҳақда ДХХнинг 1520 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб хабар беринг. Шахсингизнинг сир сақланиши кафолатланади.
ЎзА