Мирзачўлдаги яширин қиморхона фош этилди
Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманидаги хонадонлардан бирида ташкил этилган яширин қиморхона фош этилди. Тезкор тадбир давомида 9 нафар шахс қимор ўйнаётган вақтида ушланди. Улардан 20 миллион сўмга яқин маблағ ва хорижий валюта ашёвий далил сифатида олинди.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, вилоят ички ишлар бошқармаси тезкор-қидирув хизмати ходимлари томонидан яширин қиморхона фаолиятига чек қўйилди. Улар “Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор-профилактик тадбири доирасида иш олиб борди.
Маълум бўлишича, 1987 йилда туғилган фуқаро ўз хонадонида қимор ўйини ташкил этган. У Мирзачўл туманидаги Ғалаба маҳалласида истиқомат қилади. Тезкор ходимлар хонадонга борганида, у ерда тўққиз нафар шахс қимор ўйнаётган эди.
Тадбир давомида ўйинга тикилган 19 миллион 919 минг сўм ва 600 АҚШ доллари расмийлаштирилди. Шунингдек, 24 қути ўйин картаси ашёвий далил сифатида олинди.
Қимор иштирокчилари фақат Мирзачўл туманидан эмаслиги ҳам маълум бўлди. Қимор ўйинида Мирзачўл туманининг Ғалаба, Мирзадала, Дўстлик, Мустақиллик маҳаллалари, Фориш туманининг Ухум ва Қизилқум қишлоқлари, шунингдек, Сирдарё вилояти Сардоба туманидан келган фуқаролар иштирок этгани аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 278-моддаси (қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА