Хоразмда аҳоли мурожаатлари асосида электр тармоқлари янгиланмоқда
Хоразм вилоятида аҳолини электр энергияси билан барқарор таъминлаш, мавжуд тармоқларни модернизация қилиш ва истеъмолчилар мурожаатларини ўз вақтида ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Хоразм ҳудудий филиали томонидан жойларда амалий ишлар олиб бориляпти.
Хусусан, Урганч шаҳри ва Янгибозор туманида аҳолидан келиб тушган мурожаатлар асосида электр тармоқларининг техник ҳолати ўрганилиб, аниқланган муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
Урганч шаҳрининг Камолот маҳалласидаги 3774-сонли трансформатор пунктидан чиқувчи 0,4 кВ кучланишли ҳаво электр узатиш тармоғида мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, эски ёғоч таянчлар янги темир-бетон устунларга алмаштириляпти. Шунингдек, замонавий СИП симларини тортиш ва уларни аҳоли хонадонларига улаш режалаштирилган.
Янгибозор туманининг Ифтихор маҳалласи аҳолиси томонидан билдирилган электр таъминотига оид мурожаат ҳам мутахассислар томонидан ўрганилди. Айни пайтда ҳудуддаги 11395-сонли трансформатор пунктидан чиқувчи электр узатиш тармоғини янгилаш чоралари кўрилмоқда.
Бу ерда 25 та темир-бетон таянч устунини ўрнатиш ҳамда 1,4 километр узунликдаги электр узатиш тармоғини тортиш ишлари босқичма-босқич бажарилмоқда. Мазкур чора-тадбирлар маҳаллада электр таъминотининг барқарорлиги ва ишончлилигини ошириш, истеъмолчиларга сифатли хизмат кўрсатишга қаратилган.
[gallery-32659]
«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Хоразм ҳудудий филиали томонидан аҳолидан келиб тушаётган мурожаатларни ўз вақтида ўрганиш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш ва электр таъминотини яхшилаш ишлари доимий назоратга олинган.
Беҳзод САИДОВ (сурат), ЎзА